Ўзбекистон | 18:23 / 06.09.2025
3969
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон зилзиладан жабрланган Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборди

Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар ортилган 300 тоннага яқин юк Ўзбекистон халқи номидан Балх вилоятига етказилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Афғонистоннинг кучли зилзиладан жабр кўрган Кунар ва Нангарҳор вилоятлари аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар ортилган 300 тоннага яқин юк Ўзбекистон халқи номидан Балх вилоятига етказилди.

Ҳайратон шаҳридаги «Астрас» компанияси ҳудудида инсонпарварлик ёрдами топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис ҳамда икки томон расмийлари иштирок этди.

Юборилган ёрдам таркибидан ун, гуруч, шакар, тушёнка, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ёғ, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олган.

1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистон шарқида рўй берган кучли зилзила 800 нафардан ортиқ кишининг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди. Вайроналарни тозалаш ишлари олиб борилган сари қурбонлар сони кўп экани, улар 3 мингга яқинлашгани маълум бўлди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид