Жамият | 11:00 / 27.05.2022
32612
6 дақиқада ўқилади

«Санаб чиқдик, 500 га яқин чорва моллари ўлди» – Деҳқонободда 23 май совуғи оқибатлари

22 майдан 23 майга ўтар кечаси республикага совуқ ҳаво оқими кириб келиб, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида қор ёғганди. Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида 500 га яқин қўй ва эчкилар музлаб қолгани айтилмоқда. Ўша куни тоғларда ҳарорат нол даражагача пасайган.

Деҳқонобод туманида ҳам чорвачилик, ҳам ўқитувчилик қиладиган Бекзод Яхшибоев Kun.uz билан суҳбатда 22-23 май кунларидаги совуқ чўпонлар чорвасига қандай таъсир қилгани ҳақида гапириб берди.

«Асосан нимжон чорва нобуд бўлди»

«Бу воқеа 22 майдан 23 майга ўтар кечаси бўлди. Бир кун олдин об-ҳаво барқарор эди. Деҳқонободда бу йил ўт-ўланлар яхши бўлмагани учун ҳамма чўпонлар даштга майда молларини ҳайдаб кетганди. Қаердандир совуқ оқим келиб қолди. Чорвалар ўзидан ўзи ўлиб қолаверди. Билмай ҳам қолдик», – дейди у.

Чорвадорнинг айтишича, баҳорда бундай катта миқдорда чорвани совуқ уриб, ўлиши илк марта кузатилмоқда. Майда молларнинг ўлиши Деҳқонободнинг Бойқўрғон ҳудудида рўй берган. Ҳаво исишни бошлагани сабабли қўйларнинг жуни олинган бўлган. Шу ҳам таъсир қилиб, асосан нимжон қўй ва эчкилар нобуд бўлган.

«Ўша куни санаб чиқдик, 500 тача чорва нобуд бўлди. Мен қўйларимни даштга олиб чиқмагандим. Менинг чорвамда зарарланиш бўлмади. Асосан қўйлар ва эчкиларнинг кучсизлари нобуд бўлди. Булар ҳам 2-3 нафар чўпонники эмас. 20-30 нафарча чўпоннинг чорваси нобуд бўлди. Кимдандир 5-10 та бўлса, бошқа бировдан 30-40 та чорва нобуд бўлган», – дейди Яхшибоев.

Май охирида тоғли ҳудудларда қор ёғиши илк марта эмас

Глобал иқлим ўзгариши Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиб, селлар кўпайиши, дарахт гулларини совуқ ургани, чангли шамоллар тез-тез такрорланаётгани каби ҳолатлар юз бериб турибди.

Kun.uz мухбири Деҳқонободда май ойи охирида қор ёғиши қанчалик нормал ҳол экани ҳақида сўраб, гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовга мурожаат қилди. 

Иқлимшуноснинг маълумот беришича, май ойи охирида тоғларда қор ёғиши – табиий ҳолат. Деярли ҳар йили бундай ҳодиса кузатилади. Ўтган йили Деҳқонобод туманининг Шақшор тоғида ҳам айнан 22 май куни қор ёғган. Ваҳоланки, ўтган йили баҳор фасли бу йилга нисбатан анча иссиқ бўлган.

«Май ойларида совуқ ҳаво оқимлари республика ҳудудларига чуқурроқ кириб келишида 2 км ва ундан баланд тоғликларда ҳаво ҳарорати нол ва ундан пасайиши табиий. Агарда, ҳаво ҳарорати нол даражага яқинлашганда ва бу пайт ҳавода шамол тезлиги ва совуқ ёғин биргаликда кузатилса, тоғларга ўтлагани чиққан чорва моллари учун албатта хавфли ҳисобланади», – дейди мутахассис.

Эркин Абдулаҳатов ҳозирда иқлим ўзгариши баҳор ойлари жуда ҳам тез исиб кетишига олиб келяпти деган фикрда. Тоғларда эса исиш пастга қараганда тезроқ. Баҳор мавсумининг апрел ойи Ўзбекистонда қуруқ ва иссиқ кузатилди.

«Натижада, бу иссиққа ишонган чўпонлар ҳар қачонгидан эртароқ тоғларга чорва молларини ўтлагани олиб чиқишди. Аслида, охирги йилларда иқлимнинг исиши, қурғоқчилик омили тоғ яйловлари майдони камайишига, эндиликда ўт-ўсимликлар, кўкламда ҳам тоғларнинг юқорироқ қисмида яхши бўлаётгани туфайли чўпонлар ўз чорвасини юқорироқ минтақаларга ҳайдаб кетмоқда.

Унинг устига алдамчи иссиққа ишонган чўпонлар майда туёқли чорва моллари юнгини ҳар қачонгидан эртароқ олиб қўймоқда. Бу тўсатдан кириб келувчи совуқ ҳавода хавфли ҳисобланади. Малакали чўпонлар ҳам кўп бора қўйларнинг юнгини июнь ойига қадар олмаслик кераклигини айтишган», – дейди иқлимшунос.

Совуқдан чорвани ҳимоялашнинг йўли борми?

Чорва моллари парвариши бўйича асосий маслаҳатларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бериб бориши керак. Аммо совуқ бўлиши прогноз қилинган кунларда қўмита расмий саҳифаларида бирор огоҳлантириш берилмаган.

Бекзод Яхшибоевнинг айтишича, чўпонлар ҳаво совиши ва чорвани асраш бўйича ҳеч қандай огоҳлантириш олмаган.

«Бизнинг ҳудудда битта банк бор, холос. Бирор ташкилот ҳам йўқ. Антенна зўрға чиқади. Чўпонлар юрадиган ҳудудларда алоқа чиқмайди ҳам. Энди огоҳлантириш беришган бўлишлари мумкин. Биз эшитганимиз йўқ», – дейди чорвадор.

Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, май ва июнь ойлари республикага совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши ва тоғларда ҳаво ҳарорати +5 ва ундан пасайиши тўғрисидаги прогнозларга қараб, баланд тоғларда чорвачилик ва асаларичилик секторидаги тадбиркорлар совуқ ва нам ҳавога қарши чораларни кўриши керак.

«Чорва молларини пастки қишлоқларга ҳайдаб тушиш ёки қўра, қўтонларга қамаш керак. Юнги олинган чорва молларини ҳаракатлантириб туриш керак. Ҳаракатланиш тана кескин совиб кетишининг олдини олади», – дейди у.

Чорвани суғурталаш

Бундан кейин табиат инжиқликлари кўпайса кўпаядики, камаймайди. Бундай вазиятда ҳар эҳтимолга қарши, чорвани суғурталаш зарар қилмайди.

2019 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.

Унга кўра, чорва ҳайвонлари «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиаллари ҳамда бошқа суғурта ташкилотлари томонидан суғурта қилинади. Суғурта шартномасига қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, чўчқалар, паррандалар ва мўйнали ҳайвонлар учун ёнғин, бўрон, довул, сел, сув тошқини, яшин уриши, зилзила, қаттиқ совуқ тушиши натижасида музлаб қолиши, электр токи уриши каби қатор ҳолатларда суғурталаш мумкинлиги киритилган.

Чорва ҳайвонларининг суғурта қийматига нисбатан суғурта пулининг энг юқори миқдори қорамол, от, туя, чўчқа, қўй ва эчкилар учун 80 фоиз, мўйнали ҳайвонлар учун 60 фоиз, парранда, балиқ ва асалари учун 50 фоиз миқдорда белгиланган.

Мавзуга оид