Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев бошқарувининг биринчи йили: яхши қўшничилик, кадрлар алмашинуви ва халқ манфаати
2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлиги учун ўтказилган сайловда Шавкат Мирзиёев умумий сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини тўплаб, ғолиб бўлганди. Бугун, 14 декабрь куни президентнинг инаугурация маросимида иштирок этиб, қасамёд қилганига ҳамда ўз лавозимига киришганига бир йил тўлди.
Ўтган давр ўзбекистонликлар ва мамлакат тақдирида нималарни ўзгартирди? Давлат раҳбари бир йил давомида қандай ишларни амалга оширди? Kun.uz бир йил давомида кузатилган ўзгаришларни таҳлил қилди.
Ички сиёсатдаги ислоҳотлар
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2017 йил бошидан то шу кунгача президент томонидан имзоланган 963 ҳужжат матни эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримовнинг сиёсий давомчиси сифатида давлат раҳбарлигига киришган Шавкат Мирзиёев амалда жамиятнинг барча соҳаларида туб ислоҳотларга қўл урди ва бу ҳаракатлар давом этмоқда. Энг муҳим ҳужжат бу - 2021 йилга қадар ҳар бир соҳада ривожлантириш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси, деб эътироф этиш мумкин. Қонун устуворлиги, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, иқтисодий ривожланиш, маданий ва маърифий юксалишдан тортиб, турмушнинг энг кичик жабҳаларигача сўз юритилган мазкур Стратегия орқали бир мунча ишлар бажарилди. Хусусан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида «Судьялар Олий кенгаши» ташкил этилди. Шунингдек, Ички ишлар, прокуратура, мудофаа ишлари тизимида бирмунча ўзгаришларга қўл урилган бўлиб, натижада соҳа вакилларининг фаолияти қонун билан қайта кўриб чиқилди.
Ички сиёсатда кузатилган энг катта воқелик шундаки, йил давомида кадрлар алмашинуви тез ва кутилмаганда юз берди. Бундай лавозимий ўзгаришларнинг илк фарқли жиҳати - мансабга тайинланган шахсларнинг ёши 40-45 дан ошмайди, муҳим лавозимларга кучли малака ва билимга эга кадрлар тайинлана бошланди. Президент томонидан олиб борилган ноодатий ҳаракатлар тайинловларнинг натижа учун амалга оширилганидан далолат беради. Негаки, Соғлиқни сақлаш собиқ вазири Адҳам Икромов эгаллаб турган вазифасидан бўшатилиб, Савдо-саноат палатасига раис этиб сайланди. Шунингдек, Молия собиқ вазири Рустам Азимов ҳам қуйи ташкилотга раҳбар этиб тайинланди. Мисоллардан англаш мумкинки, тизимда ўзгариш юз бериши билан «эски» раҳбарнинг хизматларидан тўлиқ воз кечилмади.
Яна бир эътиборли вазият, Ўзбекистонда ёшларнинг манфаатларни ҳимоя қилиш ва уларни ривожланиши учун қулай шарт-шароит етказиб беришдек вазифани президент ўз ҳаракатлари мисолида кўрсатиб берди. Эндигина институтни тамомлаган Алишер Саъдуллаев Халқ таълими вазири ўринбосари, ёш ихтирочи Олимжон Тўйчиев эса Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланди. Бу билан бир вақтда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкилотини тузиш таклифи ҳам маъқулланди.
Ёзилмаган қоида ва тартиблар асосида яшаб келаётган одатларга барҳам беришни таъкидлаган Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, 16 мингдан зиёд киши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «қора рўйхати»дан чиқарилган,
Иқтисодиётдаги «катта бурилиш»
Республика бўйлаб кўпгина эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ташаббуси кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Сезиларли ижобий ўзгариш эркин валюта конвертацияга қадам қўйилиши билан юз берди. Шунингдек, айрим товар ва маҳсулотларни экспорт ҳамда импорт қилишда давлат божи, акциз нархлар анча пасайтирилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Россия, Хитой, АҚШ ва Жанубий Кореяда йирик қийматдаги иқтисодий, савдо шартномалари имзоланди.
Хорижий сармоядорларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилиб, ҳаттоки, Инвестиция кодекси ишлаб чиқилмоқда. Сайёҳлик тармоқларини янада яхшилаш мақсадида Бухоро шаҳрида йирик лойиҳа ишга туширилган бўлса, зиёрат-туризмини ривожлантириш учун жойларда инфратузилмалар кучайтирилмоқда.
Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоялаш бўйича режалаштирилмаган текширувлар тақиқланди. Парламент қонун негизида бизнес-омбудсман институти ташкил этилди, нуфузли молиявий ташкилотларнинг Ўзбекистонга қизиқиши орта бошлади. Марказий Банк илк марта мамлакат олтин захирасини эълон қилиб, келгуси йилдан бошлаб шаффоф кўринишда йиллик ҳисобот ва режаларини эълон қилиб боришини маълум қилди.
Яхши қўшничилик муносабатлари - Ўзбекистон ташқи сиёсатини яратмоқда
Марказий Осиё минтақасида юзага келган вазиятга тўғри баҳо берган Шавкат Мирзиёев илк расмий ташрифини ҳам айнан қўшни мамлакатларга уюштирди. Шу вақт оралиғида Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларда пайдо бўлган совуқликни эритган президент қўшнилар билан ҳар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш мумкинлигини исботлаб берди. Биргина мисолда: Қозоғистон, Туркманистон билан чегаравий масалаларга нуқта қўйилди, қолаверса, Тошкент-Самарқанд автомобиль йўли масофасини қисқартириш имконини берувчи қозоқ магистрал йўлидан фойдаланишга эришилди. Қирғизистон билан сув омборлари ва чегара масалаларида музокаралар олиб борилаётган бир пайтда, қирғиз ҳукумати тўртта дам олиш пансионатини Ўзбекистонга беришни таклиф қилмоқда. Тожикистон президенти ва Ўзбекистон раҳбарининг бирга қўл ушлашиб тушган сурати, Туркманистон президенти билан кечки сайр ва шу каби яқинлашиш аломатлари ўтган бир неча ўн йилда жамоатчилик кўз ўнгида кузатилмаганди.
Халқаро муносабатларда етакчи бўлган АҚШ, Хитой ва Россия давлатларининг ҳар бирига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси президенти рамзий маънода бетараф ҳамда мўътадил сиёсатни ушлаб қолишига ишора қилди.
Гарчи Стокҳолм, Нью-Йорк ва Истанбул шаҳарларида асли ўзбекистонлик шахслар томонидан террорчилик ҳаракатлари амалга оширилганига қарамай, Шавкат Мирзиёев экстремизм ва терроризмга қарши курашни аниқ бир меъёрда олиб бормоқда, яъни сунъий тўсиқлар ва беҳуда назоратни ошириш ўрнига аниқ чора-тадбирларни таклиф қилган.
БМТ юксак минбаридан туриб нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев аниқ масалаларга юзланиб, ёшлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ислом дини ҳақида соф маълумотни етказиш ҳамда минтақавий муаммоларга тўхталиб ўтганди. Шунингдек, давлат раҳбари БМТ шафъелигида Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда Марказий Осиё раҳбарларини янада яқинлаштириш мақсадида ноформал саммитни ташкил этиш таклифини билдирди. Ўз ўрнида бу таклиф Қозоғистон расмийлари томонидан ўша заҳотиёқ қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, президент ташаббуси билан мамлакатга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, махсус маърузачиси, Human Rights Watch вакиллари, Халқаро Меҳнат ташкилоти делегацияси ташриф буюрди.
Халқни рози қилиш - олий мақсадга айланмоқда
Оддий аҳоли вакиллари сиёсий элитанинг ўзгариши ва ҳукуматнинг фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб борди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили эълон қилиниши билан амалий мулоқотлар ҳамда инновацион таклифлар қабул қилинди. Биргина виртуал ва халқ қабулхоналарининг ташкил этилгани аҳоли вакилларининг ҳокимият раҳбарларига нисбатан ишончини янада оширди.
Давлат раҳбари Марказий Осиёдаги энг инновацион президентлардан бири бўлиб, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга, жамоатчилик суҳбат қуришга очиқ ва таклифларни қўллаб-қувватлашини бир неча марта исботлади. Бундай ўзгаришлар фонида Ўзбекистон ички муҳитида қолиб кетаёзган ОАВ, медиа тармоқлари бир мунча ўзгариши ҳис этди.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Мавзуга оид
11:06 / 30.10.2025
Пeтер Пеллегрини Самарқандга амалий ташриф билан етиб келди
08:48 / 30.10.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО 43-сессиясининг очилишида қатнашади
20:04 / 29.10.2025
Хусусий секторда банд бўлган шахсларга ҳам нафақа тўланиши йўлга қўйилади
13:52 / 29.10.2025