Ўзбекистон | 14:29 / 14.07.2023
16565
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда — президент дунёдаги вазиятга тўхталди

Юзага келаётган вазиятда халқ манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олиш ва уни қатъий амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент халқимизнинг юксак ишончи барчамиздан – депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини таъкидлади.

«Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади.

Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади.

Ўзингиз кўриб турибсиз, бугун дунё қандай шиддат билан, кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.

Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда.

Дунё миқёсида иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам барқарор ривожланишга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.

Биз мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозим», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ислоҳотлар таъсирчанлиги ва бардавомлигини таъминлаш учун йўлимизда учраши мумкин бўлган барча хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни ҳисобга олиш ва улардан талафотсиз ўтиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

«Барчамиз биргаликда келажакка ишонч билан интилиб, бутун диққат-эътиборимизни олдимизда турган вазифаларни ҳал этишга қаратишимиз, халқимиз кутаётган, даврнинг ўзи талаб этаётган янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришимиз лозим.

Биз ўтмишдан, кечаги тарихимиздан, йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан зарур хулосалар чиқариб, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтиришимиз, ватанимиз шуҳрати ва шон-шарафини ҳамма жабҳаларда муносиб ва мардона ҳимоя қилишимиз керак.
 
Нега деганда, бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмайди. Бугунги замон – бу кечаги замон эмас.

Шу боис, ҳар бир имкониятдан оқилона фойдаланиб, ҳар қандай муаммони ақл билан, илм билан ҳал қилишимиз, турли синовларни халқимиз билан бамаслаҳат, оғир-вазмин бўлиб енгиб ўтишимиз керак.

Парламентимиз, ҳукуматимиз, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ўзларининг келгуси фаолиятларини мана шу омилларнинг барчасини инобатга олган ҳолда ташкил этишлари зарур.

Энди барча соҳа ва тармоқларда тизим ўзгаради, вазият ўзгаради, самарадорлик ўзгаради», деб таъкидлади президент сўзининг давомида.

Мавзуга оид