Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги турмуш қуриш арафасидаги жуфтликлар учун тиббий кўрикдан ўтишдаги 6 қадамни санади.
Соғлом фарзандлар туғилишининг асосий омили нима? Кўпчилик буни ҳомиладорлик давридаги тўғри парвариш билан боғлайди. Аслида эса соғлом оила ва соғлом фарзанднинг асоси никоҳ олдидан келин-куёвларнинг тиббий кўрикдан ўтишидир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бўлажак келин-куёвларнинг бундай юмуш билан машғул бўлиши баъзида бирмунча ортиқча ишдек бўлиб туюлса-да, бу — оила келажаги учун қўйилган муҳим тамал тоши ҳисобланишини қайд этиб, тиббий кўрикдан ўтиш тартиби ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, бўлғуси келин-куёвлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишдир. 50 ёшгача бўлган барча никоҳланувчилар турмуш қуришдан аввал тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Унинг хулосасига қараб, бўлажак оила вакиллари келажак учун қарор қабул қилишади.
1-қадам. Никоҳланувчи шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали никоҳни қайд этиш учун ариза беради. Шундан сўнг юборилган аризани ФҲДЁ органлари кўриб чиқиб, бўлғуси жуфтликка тиббий кўрикдан ўтиш учун қоғоз шаклидаги йўлланмани тақдим этади.
2-қадам. Ёшлар доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида бепул диспансеризациядан, яъни кардиолог, эндокринолог, ревматолог, уролог мутахассислари жалб қилинган ҳолда никоҳ олди тиббий кўригидан ва қўшимча УТТ, ЭКГ, ўпканинг рентген ёки флюрография текширувидан ўтади. Шунингдек, умумий қон таҳлили, қондаги қанд миқдори аниқланади, RW ва ОИВ/ОИТСга текширув учун қон топширилади.
Тиббий кўрик жараёнида генетик текширувларга зарурат бўлганда, ёшларнинг ўзаро келишуви асосида улар пуллик асосда амалга оширилиши мумкин.
3-қадам. Никоҳланувчилар руҳий, наркологик, таносил, сил касалликлари бўйича туман диспансерларида тиббий кўрикдан ўтади. Ушбу касалликлар инсон ва насл учун хавфли бўлиб, тиббий текширувдан ўтиш орқали келажак авлоднинг соғлом дунёга келишига замин яратилади.
4-қадам. Кўрик натижалари тўғрисида тиббиёт муассасасининг хулосаси маълумотномада акс этади. Маълумотнома тиббиёт муассасаси муҳри ва раҳбари имзоси билан тасдиқланиб, никоҳланувчиларга берилади. Тиббиёт муассасасининг масъул ходими маълумотномани тақдим этаётганида никоҳланувчи шахсга аниқланган касалликларнинг никоҳ тузилгандан кейин юзага келтириши мумкин бўлган оқибатларини тушунтиради.
Маълумотноманинг амал қилиш муддати — уч ой.
Муҳими, тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахслар тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак.
5-қадам. Никоҳланувчи шахсларда текшириш натижасида дарҳол даволаш курсидан ўтишни талаб этувчи касалликлар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда тегишли даволаш муассасаларига йўналтирилади.
6-қадам. Бўлажак оила вакиллари никоҳ қайд этилгунга қадар иккинчи томоннинг тиббий текшириш натижаларидан хабардор қилиши шарт.
ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигига ҳамда ушбу текширувларнинг натижалари тўғрисида икки томоннинг хабардор эканига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина никоҳ қайд этилади.
Никоҳланувчи яшаш жойидаги даволаш-маслаҳат комиссиясининг хулосасига рози бўлмаган тақдирда такрорий тиббий кўрик вилоят ва республика муассасаларида ўтказилади.
Мавзуга оид
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024