Ўзбекистон | 19:47 / 23.02.2022
13763
2 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкент метросида она-бола хонаси ва ҳожатхона ишга туширилди

23 февралдан Чилонзор метро бекатида она-бола хонаси ва ҳожатхона ишга туширилди. Ундан бепул фойдаланувчилар тоифалари белгиланди, Ёшлар иттифоқи етакчилари ҳам ҳожатхонадан бепул фойдаланиши мумкин бўлади.

Она-бола хонаси ва ҳожатхона «Чилонзор» метро бекатининг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан кириладиган қисмида жойлашган.

 

Ҳожатхона аёллар ва эркаклар учун алоҳида бўлиб, аёллар ҳожатхонаси ичкарисида она-бола хонаси, яъни 1 ёшгача бўлган гўдакларни йўргаклаш хонаси ташкил этилган.

Она-бола хонаси ва ҳожатхона «Underground service» МЧЖ томонидан «Toshkent metropoliteni» ДУК билан ҳамкорликда қурилган бўлиб, ундан фойдаланиш ҳақи 1,5 минг сўм этиб белгиланган.

Қуйидаги тоифага кирувчи йўловчилар эса ҳожатхонадан бепул фойдаланишлари мумкин:

  • Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари;
  • Ногиронлиги мавжуд фуқаролар;
  • Чернобил фалокати иштирокчилари;
  • Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва Ёшлар иттифоқи етакчилари;
  • 7 ёшгача бўлган болалар.

«Toshkent metropoliteni» ДУК матбуот хизматининг маълум қилишича, она-бола хонаси ҳамда ҳожатхона синов тариқасида қурилган бўлиб, натижа кутилганидек бўлса, йўловчилар оқими кўп бўлган яна 14 та метро бекатида ҳам барпо этилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид