Ўзбекистон | 18:25 / 19.09.2019
18612
8 дақиқада ўқилади

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги: 8 ойда жалб қилинган хорижий инвестициялар 8,3 млрд доллардан ортди

Бугун, 19 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 28 январда имзоланган фармони юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Берилган маълумотларга қараганда, инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари, Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Бу вазирлик инвестиция ва савдо фаолиятига ёки сиёсатига салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда етакчи бўғин ҳисобланади. 

Вазирлик мутасаддилари саволларга қуйидагича жавоб беришди:

– Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистоннинг инвестициялар жалб қилишдаги ўрни қандай? Қўшни давлатлар билан солиштирганда биз қандай даражаларга эришяпмиз?

– Шубҳасиз, сўнгги йилларда мамлакат инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бекор қилиш, валютани эркинлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар инвестицияларни, айниқса хорижий инвестициялар жалб қилишни кескин оширишда муҳим ўрин эгаллади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ўсиш суръатлари бўйича бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. 

Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойида жалб қилинган хорижий инвестициялар 8,3 млрд. доллардан ортиб, ўтган 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробар ўсди.

Алоҳида эътибор хорижий инвестицияларни жалб қилишда тармоқлар диверсификациясига қаратилмоқда. Жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан марказий Осиё давлатларига жалб қилинаётган хорижий инвестициялар таркиби таҳлил қилинганда, улар асосан хом-ашё ресурсларини қазиб олишга, хусусан, нефть-газ тармоғига қаратилганлигини кузатиш мумкин. 

Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда хорижий инвестициялар таркиб жиҳатдан ҳам тубдан ўзгармоқда ва бошқа тармоқлар ўртасидаги диверсификацияга эътибор қилинмоқда. Жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг фаол ўсиши суръатлари металлургия (2,4 баробар), текстиль саноати (2,7 баробар), фармацевтика саноати (6,3 баробар), озиқ-овқат саноатида (3,1 баробар) кузатиш мумкин.
 
Хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг кескин ўсиш суръатларини ҳудудий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларда ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, ушбу инвестицияларнинг ўсиш ҳажми 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 10 баробарни ташкил этди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ишлари янада фаоллаштирилиб, унинг кескин ўсиш суръатлари энергетика соҳаси (53 баробар), кимё саноати (3 баробар), электротехника тармоғи (6,3 баробар), IT-технологияси (4,2 баробар), қишлоқ хўжалиги (3 баробар) ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш тармоғида (1,5 баробар) кузатилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки БМТнинг савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (ЮНКТАД), шунингдек Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЭСР) ҳисоботига кўра жаҳон мамлакатлари иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш суръатлари сўнгги 3 йи ичида камайиш тенденциясига эга бўлиб, 2018 йилда бу кўрсаткич ўрта ҳисобда 19% камайган бир шароитда, Осиё давлатларида ўрта ҳисобда 5% ўсиш суръатлари кузатилган. Шу жумладан Марказий Осиё давлатларида ўсиш суръатлари ўртача 8-10% ташкил этган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ўсиш суръатлари 3 баробарни ташкил этган. 

– Ўтган 8 ой вақт давомида фармонга мувофиқ қандай ишлар амалга оширилди?

Инвестиция йўналиши бўйича.

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига ўзлаштирилган инвестициялар қуйидагиларни ташкил этди:

Давлат аҳамиятига эга ижтимоий (мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари, мусиқа ва спорт мактаблари) ва инфратузилма (ичимлик суви ва канализация, автомобиль йўллари қурилиши) объектлари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 11,1 трлн сўм ёки 2019 йилга ажратилган маблағларнинг 73%и;

Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган хорижий инвестициялар 2,5 млрд. долларни ёки йиллик режанинг 88%и;

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан – 698 млн. доллар ёки йиллик режанинг 78%и;

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар – 5,8 млрд. долларни ёки йиллик режанинг 76% ўзлаштирилиши таъминланди. 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида жорий йилда 7 млрд. доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилиш кутилмоқда (яъни 2018 йилга нисбатан 3 баробар ўсишни ташкил этади).

Шу билан бирга ўтган давр мобайнида қиймати 536,6 млн. доллар бўлган 93 та ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилиб, 4727 та янги иш ўринлари яратилди.

Экспорт йўналиши бўйича.

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 8,4 млрд. долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилиб, йиллик режа кўрсаткичлари 66 фоизга бажарилган бўлса, ҳисобот даври учун белгиланган режа кўрсаткичлари 104 фоизга бажарилган ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 122 фоизга ўсиши таъминланган. 

Ҳисобот даврида 1786 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, улар томонидан 600 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди, 63 та янги турдаги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилиб, маҳсулотлар экспорт географияси 42 та давлатларга кенгайтирилди. 

Экспортер корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспорт жараёнидаги мавжуд муаммоларни аниқлаб уларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Ҳукумат қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида Республика комиссияси ташкил этилган бўлиб, сўнгги 3 ой мобайнида ушбу комиссия ҳамда вазирликнинг туманларга бириктирилган ходимлари республика ҳудудларига ташриф буюрган ҳолда ҳар бир экспортер корхоналар фаолияти билан танишиб чиқди, уларнинг фаолиятидаги мавжуд муаммолар ўрганди ва уларни жойида ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширди.

Шунингдек, экспорт фаолиятидаги тизимли муаммоларни ҳал этиш юзасидан Президент Администрациясига тегишли таклифлар киритилиб, бир қатор тизимли муаммолар ҳал этилди.

– Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши ҳақида қандай янгиликлар бор?

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини самарали ташкил этиш ва мунтазам равишда мониторинг қилиш юзасидан Чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланган.

Бугунги кунда ушбу чора-тадбирлар ижроси бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг таркиби тасдиқланган.

Жорий йилнинг 16 март ва 16 июл кунларида ушбу Комиссиянинг йиғилишлари бўлиб ўтди. Йиғилиш натижаларига биноан, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо режими тўғрисидаги Меморандумнинг янгиланган нашри ЖСТ Котибиятига юборилди.

Бугунги кунда ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ бир қатор ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етказилди: божхона баҳолаши тўғрисидаги маълумотлар, импортни лицензиялаш, савдодаги техник тўсиқлар, санитария ва фитосанитария чоралари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, товарлар ва хизматлар бозорига кириш учун дастлабки таклифлар ҳамда интеллектуал мулк, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ишлари давом этмоқда.

Бу борада тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул вакилларидан ташкил топган товар ва хизматлар, интеллектуал мулк, қишлоқ хўжалиги, санитария ва фитосанитария чора-тадбирлари, савдодаги техник тўсиқлар ва бошқа масалалар бўйича 9 та идоралараро ишчи гуруҳлари тузилди.

Жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикасининг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши юзасидан ЖСТ ишчи гуруҳининг 4-чи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. (Маълумот учун: Ушбу Ишчи гуруҳнинг 3-чи йиғилиши 2005 йилда ўтказилган).

Ҳозирда Ўзбекистон Республиканинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида БМТ, Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, USAID, Корея Республикаси, Хитой ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг молиявий-техник кўмакларини жалб қилиш юзасидан фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид