Жамият | 11:56 / 04.08.2021
17624
14 дақиқада ўқилади

Кореядаги боғчалар, PhDга қабул талаблари - Кёнсанг университети докторанти билан суҳбат

UzbekLife хорижда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Жанубий Кореянинг Кёнсанг университети докторанти Дилфуза Гузарова.

Суҳбатимиз ватандошимизнинг Кореядаги ҳаёти, оиласи, карьераси ҳақида кечди.

GKS дастурининг стипендия ғолиби бўлганман

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқиганимда ўрганиш учун иккинчи тил сифатида корейс тилини танладим. Университетимиз ва корейс университетлари ўртасидаги талаба алмашинув дастурида ҳам ғолиб бўлдим ва бир йил Кореяда таълим олиб келдим.

Ўқишни тугатгач, Кореядаги энг нуфузли GKS (Global Korea Scholarship) дастури стипендиясини ютиб, Кореяда магистратурада ўқиш имкониятини қўлга киритдим. Ушбу стипендия дастурига кўра ғолибларга ўқиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Бундан ташқари, яшаш харажатлари учун 1 млн вон (тахминан 1000 АҚШ доллар) миқдорида стипендия берилади. Агар корейс тилини билиш даражаси TOPIС 5-6 бўлса, яна қўшимча 100 минг вон (тахминан 100 АҚШ доллар) стипендия берилади. Суғурта пули университет томонидан қопланади ва тадқиқот ўтказиш ва бир қатор харажатлар учун ҳам ҳар семестрда 200 доллардан пул ажратилади. Диплом ёзиш билан боғлиқ харажатлар учун эса 500 доллардан 800 АҚШ долларгача пул берилади. Грантни муваффаққиятли тамомлаган талабалар учун мамлакатига қайтиш чиптаси ва турли совғалар, шунингдек, 100 АҚШ доллари пул совға тариқасида тақдим этилади.

Баҳолар 90 дан юқори бўлиши керак

Мен икки йиллик магистратурани муваффақиятли битириб, докторантурада ҳам ушбу университетда ўқияпман. Бу ерда талаба корейс тилидан етарли билимга эга бўлмаса, 1 йил тил курсларида корейс тилини ўрганишига тўғри келади. Мен стипендия ютганимда TOPIС 5 даражам бўлгани сабабли тўғридан тўғри магистратурада ўқишни бошлаганман. Магистратурага ўқиш учун келиш харажатлари ҳам ушбу грант томонидан қопланган. Айнан шу стипендия бўйича PhD ўқиш учун магистратурадаги баҳолар 90 дан юқори бўлиши талаб қилинади.

Ҳозир таътилда оилам билан кўпроқ вақт ўтказяпман

Ҳозир Кореяда ҳам таътил даври. Талабалар, одатда, июн ойи охиридан сентябргача таътилда бўлишади. PhD ишимни ҳали тўлиқ бошламадим. Сабаби яқинда фарзандли бўлдим. Фақатгина мавзу ва йўналишларини аниқлаб олдим ва маълумотлар йиғиш билан бандман. Тадқиқотим илмий раҳбарим билан келишган ҳолда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатларга боғлиқ мавзуда бўлади.

PhD мавзусини танлаш жуда аҳамиятли бўлиб, бу ерда баъзан

10 йиллаб тадқиқот ишини ҳимоя қила олмаслик ҳоллари ҳам кузатилган. Бунда маълум бир тадқиқот иши илм-фан ва жамият учун фойдали ва арзирли бўлиши керак.

GKS стипендияси ғолиблари ишлашлари мумкин эмас. Чунки ўқиш молиявий жиҳатдан тўлиқ қопланиши сабаб университет талабаларининг асосий эътибори ўқишда бўлишини хоҳлашади. Профессорга ёрдамчилик қилиш, таржимонлик каби ишлар бундан мустасно ҳисобланади. Ҳозирда кўпроқ оилам ва фарзандларим билан вақт ўтказяпман. Сентябрдан кичик фарзандимни ҳам боғчага берсам, яна илм олишга қайтаман.

Кореядаги боғчалар

Кореяда боғчаларнинг икки тури мавжуд: давлат боғчалари ва уй (хусусий) боғчалар. Ушбу иккала турдаги боғчалар ўртасида фарқ у қадар катта эмас. Уй (хусусий) боғчалар очишни истаган кишилар бу боғчаларни ўз уйларида ташкил этади. Бу турдаги боғча очишнинг шарти улар давлат боғчалари каби барча стандартларга эга бўлиши керак. Боғчаларда болаларни тарбиялаш соат 9.00 дан 17.00 га қадар давом этади. Аммо ота-оналар ишласа, шунингдек, болаларга қаровчи киши бўлмаса, эрталаб 8.00 дан боғчалар болаларни қабул қилиб олади. Кечқурун болаларни олиб кетиш ҳам энг узоғи 19.30-20.00 гача чўзилиши мумкин. Аммо стандарт вақт 17.00 гача бўлгани учун ортиқча соатларга қўшимча пул тўланади. Масалан, бир соат кечиктирилган вақт учун 3 доллар тўлов қилинади.

Давлат боғчаларида ҳам, уй боғчаларида ҳам тўловлар болаларнинг ёшига қараб белгиланади. Бир ёшли болалар учун алоҳида тўлов, икки ёшли болалар учун алоҳида тўлов амалга оширилади. Боланинг ёши катталашиб боргани сари тўловлар ҳам камайиб боради. Шуни айтиб ўтишим мумкинки, Кореяда ота-оналар фарзандларини 3 ойлигидан бошлаб боғчага бериши мумкин. Бу ёшдаги болалар учун энг юқори тўловлар тўланади.

Боғча учун тўловлар давлат томонидан қопланади

Масалан, бир ёшли болалар учун бир ойлик боғча тўлови 484 минг вон бўлиб, аста-секин камайиб боради. Бу сумма ота-оналар учун оғир ботмайди, чунки тўлов давлат томонидан қоплаб берилади. Баъзи оилалар учун 50 фоиз, бошқа бир оилалар учун эса 100 фоизгача қоплаб берилиши мумкин. Кореяда фарзанд туғилиш даражаси паст бўлганлиги сабабли бу каби имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, 2 ёшгача бўлган фарзанди бор оилалар учун ҳар ойда чақалоқларга зарур бўлган бир қанча озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар бепул тақдим этилади.

Афсуски, бу имкониятлар хорижий ота-оналар учун татбиқ этилмайди. Фақатгина корейс фуқароси билан турмуш қурган хорижликларгина бундай имкониятлардан фойдалана олади.

Давлат боғчаларига болаларни қабул қилиш 2 семестрда бўлиб ўтади: кузги ва баҳорги. Кузги семестр учун қабул сентябрда, баҳорги учун март ойида бошланади. Аслида ҳужжатларни расмийлаштириш ва болани мослаштириш жараёни 2 ҳафта олдин бошланади. Кўникиш даврида болалар дастлаб икки соатдан боғчада қолишса, кейинчалик бутун кун давомида қоладиган бўлишади. Ҳар бир семестр сўнгида бир ҳафталик таътиллар берилади.

Корея боғчаларидаги “боғча опа”лар жуда меҳрибон, ўз ишининг устаси. Уларда ҳафталик режа бўлиб, уни ҳар куни ота-оналарга жўнатиб туришади ва бу орқали ота-оналар фарзандлари нима билан машғул эканини билиб олишади. Бундан ташқари, махсус мобил илова ҳам мавжуд, унга фарзандингиз исмини киритиш орқали унинг қай аҳволда эканлиги, нима қилаётганлиги, соғлиги ва шунингдек, боланинг бир ойлик овқатланиш менюси ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин. Ушбу менюда ҳалол бўлмаган маҳсулотлар борлигини кўрсангиз, мураббийга мурожаат қилиб, ушбу овқатни ўзгартиришни сўрашингиз мумкин.

Шуниси қизиқарлики, Кореяда боланинг ёшини ҳисоблашда она қорнидаги вақт ҳам ҳисобга олинади. Яъни Кореяда янги туғилган чақалоқлар аллақачон бир ёшга кирган ҳисобланади.

Кореяда боғчаларни икки босқичга бўлиш мумкин: болалар уйи (оринечип) ва боғча. Биринчисига чақалоқликдан тўрт ёшгача бўлган болаларни, иккинчисига бошланғич мактабга чиқиш арафасидаги болаларни бериш мумкин. Шу жиҳати муҳимки, Кореяда болалар боғча давомида ўқиш, ёзиш ва ҳисоблашни тўлиқ ўрганиб, сўнгра мактабга чиқишади.

Корейслар битта фарзанд учун 70 минг долларгача сарфлашади

Юқорида айтиб ўтганимдек, Кореяда туғилиш сони анчайин қисқариб кетмоқда. Корейс халқининг нуқтайи назаридан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бунинг сабаби корейсларнинг битта фарзанд учун унинг туғилишидан тортиб, то ўқиши учун харажатлар 70 млн вонни (тахминан 70 минг доллар) ташкил қилишидан хавотирга тушишларидадир. Чунки улар фарзандларини фақат мактаб ёки коллежда эмас, балки энг камида магистратура босқичини ҳам ўқишини хоҳлашади. Шундай экан битта фарзандни юқори даражаларга эришишини афзал кўришади. Ҳукумат ҳам шунга яраша таълим тизимига ўта юқори эътибор қаратади. Бундан ҳатто боғча тизими ҳам четда қолмайди.

Фарзандларим иккита тилда гапиришади

Ҳозир 2 нафар фарзандим бор. Қизим Фарзона 2 ёшда, ўғлим Муҳаммадали ҳали 6 ойлик. Қизим боғчага чиқади. У ерда мулоқот корейс тилида бўлганлиги сабаб унга ўзбек тилидан ташқари корейс тилини ҳам яхшилаб ўргатишга ҳаракат қиламиз. Шуни ўз тажрибамизда кўрдикки, икки тилли оилада фарзандлар тили сал кечроқ чиқаркан. Чунки унда корейс тилида гапириш керакми ё ўзбек тилида, деган иккиланиш бор. Аммо фарзандларим, албатта, ўзбек тилини 100 фоиз билишларини таъминлайман.

Кореяда ота-оналар фарзанд тарбиясига жуда катта эътибор қаратишади. Энг оддий, элементар нарсаларда ҳам фарзандлари билан бирга бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаб туришади, улар билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилишади. Денгиз бўйидаги оддий бир чиғаноқни кўриб қолган фарзандига уни эринмасдан тушунтиради, барча саволларига диққат билан жавоб беришади. Бу нарса менинг эътиборимни тортган ва мен ҳам уй ишлари, ўқишдан бўш вақтларимда фарзандларим билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қиламан.

Кореяда болаларни боғчага олиб бориш ва келтириб қўйиш учун махсус автобуслар бор. Болаларнинг сумкасида эса махсус ускуна бўлиб, у боланинг боғчага хавфсиз етиб боргани, боғчадан чиққани, қанча вақтда етиб келиши ҳақида сизга маълумот бериб туради.

Тушлик учун берилган пулларга инглиз тили репетиторига борардим

Болалигимдан чет тилларини ўрганишга ва ўргатишга жуда қизиқардим. Хусусан, инглиз тилини 4-синфда ўрганишни бошлаганман. Репетиторга пул топишга бироз қийналганимиз учун ойим тушлик учун берган пулларни йиғиб, репетиторимга берардим. Жуда қизиққон бўлганман, янги нарсалар кашф қилиб юрардим. Корейс тилини ҳам шундай қизиқиш ва атрофдагилар таъсирида чуқур ўрганишга киришганман. Корейс тилини грамматик ва лингвистик жиҳатдан ўрганиш бироз қийинчилик туғдиради. Шунга қарамасдан, уни бемалол ўрганиш мумкин. Бунинг учун эса, аввало, ўз она тилингизни мукаммал билишингиз керак. Бизга университетдаги профессорларимиз қайта-қайта такрорлайдиган бир гап бор: “Хорижлик талабалар! Корейс тилини мукаммал ўрганишингиз мумкин, аммо ўз она тилингизни билмасангиз, иккала тилни солиштира олмайсиз”. Шунга амал қилган ҳолда доимий равишда ўзбек ва корейс тиллари грамматикаси, лингвистикасини солиштириб, китоблар ўқиб бораман.

Ўзбек тилидаги ягона манба изоҳли луғат бўлган

Кореяда бакалавр, магистратура ва докторлик ишларини тугатгач, талабалар уларни махсус базага топширишади. Ушбу база бўлғуси магистр ва докторлар учун ажойиб манба бўлиб хизмат қилади. Ўз мавзуингизга доир аввалги қилинган ишларни таҳлил қилиш ва ўз ишингизда фойдаланишингиз мумкин. Ўзим ҳам магистр дипломимни ёзиб бўлгач, ушбу базага топширганман. Базага ишлар плагиатдан ўтгач жойланади ва бу ишни муваффақиятли тугатишингиз учун муҳим фактор ҳисобланади.

Тан олиб айтиш керакки, ўзбек тилидаги адабиётлар, тадқиқот ишлари ва бошқа ресурсларнинг электрон вариантини топиш бироз мушкул. Магистр диплом ишимни ёзиш учун ўзбек тилида топа олган ягона манбам “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бўлган эди. Ҳозирги PhD тадқиқот ишим айнан ўзбек ва корейс тилларини ўзаро солиштириш бўлгани учун ўзбек тилида манба топишда бироз қийинчиликка дуч келяпман. Юқоридаги каби базанинг ўзбек тилида ҳам мавжуд бўлиши хориждаги ўзбек талабалари учун айни муддао бўларди.

Олима бўлишим керак

Секин ортимга назар ташлайдиган бўлсам, баъзилар учун бир қанча муваффақиятларга эришгандай кўринишим мумкин. Нуфузли халқаро стипендия ғолиби бўлиш, муваффақиятли тамомланган магистратура, докторлик иши, шунингдек, бахтли оилага эга бўлиш, иккита шириндан шакар фарзанднинг онаси бўлиш, албатта, катта бахт. Аммо олдинга қараб айтаманки, ҳали қиладиган ишларим кўп. Ўзбек-корейс тилида қўлланмалар яратиш, икки тил ўртасидаги маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий алоқаларни бирлаштиришга ҳисса қўшувчи олима бўлишим лозим. Корейс тилидаги нодир манбаларни ўзбек тилида, ўзбек тилидагиларни корейс тилида ўқишга имкон яратиш, тил чегарасини имкон қадар қисқартириш ва шу орқали илм-фанга бироз бўлса-да ҳисса қўшиш энг олий мақсадим.

“Йўл бўлсин. Уни олиш сенга эмас” деганлар бўлган

Машҳур инсонларнинг суҳбатларида улар бу машҳурликка кўплаб қийинчиликлар орқали етиб келганликларини айтишади. Мен машҳур инсон эмасман, аммо шу ергача бўлган масофани босиб ўтиш мен учун ҳам осон бўлмаган. Жаҳон тиллари университетига кириш, унда ўқиш жуда қийин кечган. Ота-онам ажрашиб кетганидан сўнг контракт пулини ўзим тўлашимга тўғри келган. “Беш”га ўқишим керак, шунда кўпроқ стипендия олиб, контрактнинг кўпроқ қисмини тўлайман, деган ўй билан ўқиганман. Ўша вақтларда “Тошкент” телеканалида Президент стипендияси, Навоий стипендияси ва бошқа нуфузли стипендия ғолиби бўлганлар билан интервьюлар бериларди. Бу стипендияни оламан деб киришганимда “Йўл бўлсин. Уни олиш сенга эмас” деганлар бўлганди. Аммо учинчи курс бошида айнан Навоий стипендияси ғолиби бўлганман. Аслида ушбу стипендия тўртинчи курс талабаларига берилади. Мен эса истисно тарзда учинчи курслигимдаёқ стипендиат бўлишга эришганман. Орқамдан “Уни орқасида одами бор, йўқса қанақа қилиб оларди?” деган таъналарни эшитганман. Аслида эса вилоятдан чиққан оддий оиланинг фарзанди бўлганман.

Буларнинг барчаси мени фақатгина олға интилишга чорлаган.

Давлат Асадов суҳбатлашди

Мавзуга оид