12:58 / 30.06.2024
13720

Ўзбекистондаги оммавий тадбирларда озиқ-овқат, буюмларни бепул тарқатиш тақиқланди

Шунингдек, оммавий тадбирларда одамларни озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар, товар моддий бойликларни ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали жалб қилиш ҳам тақиқланган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистонда ўтказиладиган оммавий тадбирларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди. Бу ҳақда 2024 йил 29 июндан кучга кирган Вазирлар маҳкамасининг қарорида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда ўтказиладиган оммавий тадбирларга фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулот ва товар-моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.

Бу ҳақда «Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида»ги ҳукумат қарорида белгиланди. Мазкур қарор 2024 йил 29 июн кунидан кучга кирди.

Қарорга кўра, Миллий гврадия ва ИИВ тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорда белгинаётган талабга оммавий тадбир ташкилотчилари ва оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан сўзсиз риоя қилиниши устидан назоратни кучайтиради.

ИИВ ва Миллий гвардия бир ой муддатда ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мослаштиради. Қарор ижросини таъминлаш Ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони хзиммасига юклатилмоқда.

Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари бузилишига йўл қўйган ташкилотчилар ва уни ўтказган объекти маъмурияти МЖтКда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, май ойида 1 июн – Халқаро болалар куни муносабати билан Тошкентдаги «Ашхобод» боғида 20 минта ўйинчоқ ва музқаймоқ текинга тарқатилиши ҳақида эълон берилганди. Эълон туфайли 1 июн куни Ашхобод боғига жуда кўп одам келган ва унга кириб чиқиш йўллари ва атрофдаги кўчаларда тирбандликлар юзага келганди. Ўша куни Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан боғ директори А.Н., директор ўринбосари А.З., реклама бўлими бошлиғи Д.Т.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

Top