210 млн сўмлик шартнома 2 млрд сўмга етган. Тошкент вилояти ҳокимлиги қайси хизматга бунча харажат қилган?
Тошкент вилояти ҳокимлиги 2022 йил давомида ўзининг АКТ марказига бир неча марта пул ўтказиб берган. Ҳар сафар бирламчи шартнома қиймати ошиб бораверган. Бу маблағлар аслида пиар учун ишлатилган бўлиши мумкин.
1-ҳолат. 210 млн сўм
2022 йил 26 январда Тошкент вилояти ҳокимлиги “Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” МЧЖ билан 210 млн сўмлик 24-22-сонли шартнома тузган.
Гарчи шартномада кўрсатиладиган хизмат тури “техник қўллаб-қувватлаш, серверларда ҳостинг, ички ахборот ресурсларини ишлатиш ва бошқариш” дея кўрсатилган бўлса-да, давлат харидлари порталига “пиар хизмати” деб қайд этилган. Бу эса ҳокимлик шартномада қайд этилган хизмат учун эмас, аксинча пиар учун 210 млн сўм пул ўтказиб берган бўлиши мумкинлигини англатади.
2-ҳолат. 150 млн сўм
Ҳокимлик юқоридаги санада шу МЧЖ билан яна 150 млн сўмлик 1-22 сонли шартнома ҳам тузган. Эътиборлиси, бу шартноманинг предмети ва моҳияти юқоридаги 24-22-сонли шартнома билан бир хил, фақат нархларда фарқ бор. Давлат харидлари порталида бу шартнома "АКТ хизматлари" дея тавсифланган.
Бундан, 150 млн сўмлик шартнома ҳақиқатан ҳам АКТ хизматлари учун, 210 млн сўмлиги эса пиар учун экани англашилади.
3-ҳолат. 420 млн сўм
2022 йил 16 майга келиб, икки ўртада 26 январда тузилган шартномага қўшимча келишув шартномаси тузилган ва яна 420 млн сўмлик пул ўтказилган.
Бу сафарги сабаб ҳам давлат харидларида икки хил қайд этилганини кўриш мумкин. Батафсил тавсифга “техник қўллаб-қувватлаш, серверларда ҳостинг, ички ахборот ресурсларини ишлатиш ва бошқариш” деб ёзилган. Аммо қисқа тавсифга эса “ахборот хизмати фаолияти учун” деган сабаб келтирилган.
4-ҳолат. 450 млн сўм
2022 йил 19 майга келиб, 26 январдаги 1-22-сонли шартномага яна қўшимча келишув тузилган. Бажарилган ишларнинг умумий қиймати 150 млн сўмдан 600 млн сўмга ўзгартирилган. Бу орқали эса ҳокимлик яна 450 млн сўм тўлаган.
5-ҳолат. 540 млн сўм
2022 йил 23 ноябрга келиб, 1-22-сонли шартномага яна ўзгартириш киритилган. Бу сафарги келишув қиймати – 540 млн сўм.
Қизиғи шундаки, давлат харидларида ёзилган изоҳга кўра, 540 млн сўмлик мазкур ўтказма ҳокимнинг 435-10-0-F/22 сонли фармойиши асосида амалга оширилган. Аммо ҳокимнинг мазкур фармойишида 540 млн сўм эмас, 90 млн сўм ажратилиши ёзилган.
6-ҳолат. 780 млн сўм
2022 йил 23 ноябрда ҳокимлик йил бошидаги 24-22 сонли шартномага навбатдаги марта қўшимча келишув қилган. Бунда шартнома энди 630 млн сўмдан 990 млн сўмга ўзгартирилган. Порталда лотнинг бошланғич қиймати 780 млн сўм бўлгани ёзилган.
Бу лотга ҳокимнинг 436-10-0-F/22-сонли фармойиши асос қилиб ёзилган. Аммо ҳоким фармойишида на 630 млн, на 990 млн ва на 780 млн сўм ҳақида сўз борган. Аксинча, ахборот хизмати учун 360 млн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Шартномалар ва қўшимча келишувларнинг барчасида бир хил қолипдаги хизматлар ёзилган. Фақатгина ўтказиб берилган пулларнинг қиймати ўзгариб, ошиб борганини кўриш мумкин. Аммо давлат харидлари порталидаги тавсифларда эса пуллар ахборот хизмати ва пиар хизмат учун ўтказилгани ёзиб қўйилган.
Шу ўринда қатор мулоҳазалар ўртага чиқади.
Биринчидан, барча давлат органлари қатори, Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳам матбуот хизмати фаолият юритади ва хизмат ходимлари бюджетдан маош олади. Лекин ҳокимлик “ахборот хизмати учун” деган сабаб билан шунча пул сарфлаяпти. Яъни бу маблағлар бошқа мақсадда, масалан, биринчи 210 млн сўмлик ҳолатга ўхшаб пиар учун сарфланган бўлиши мумкин.
Иккинчидан, ҳокимликнинг бу шартномалари жуда тушунарсиз ҳолатда давлат харидлари порталига жойлаштирилган. Шартномалар, қўшимча келишувлар ва бажарилган ишларнинг ҳисоботи тафтиш ўтказиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Учинчидан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга кўра, устав фондидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар давлат буюртмачиси ҳисобланади ва уларнинг харидлари давлат харидлари порталида кўрсатилиши шарт. Аммо Тошкент вилояти ҳокимлиги шунча маблағни тендерсиз, тўғридан тўғри шартнома орқали ўтказиб берган “Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” МЧЖга 100 фоиз улуш билан Давлат активларини бошқариш агентлиги эгалик қилса-да, ушбу МЧЖнинг бирорта хариди порталга жойланмаган. Мазкур МЧЖ ҳокимликдан шунча маблағни олиб, уни нима қилганини билишнинг ҳозирда имкони йўқ.
Юқоридаги ҳолатлар Тошкент вилояти ҳокимлигининг харидлари ва сарфлаётган бюджет маблағлари бўйича текширув ўтказиш лозимлигини кўрсатади.