Ўзбекистон | 19:38 / 10.01.2022
32089
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қатъий карантин чекловлари режалаштирилмаяпти

Ниқоб тақмаганлар жаримага тортилмайди, уларга ниқоб берилади. Оммавий тадбирлар, хусусан концерт дастурлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилиши давом этади.

10 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан АОКАда Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ мавжуд эпидемиологик ҳолат юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди ва унда махсус комиссиянинг сўнгги қароридан кейин юзага келган саволлар бўйича ойдинлик киритилди.

Карантин эҳтимоли ҳақида

Ҳозирда Ўзбекистонда қатъий карантин чекловларини киритиш кўзда тутилмаяпти. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев маълум қилди.

«Чекловлар киритилишининг олдини олиш учун ҳам эмланишимиз керак», дея қўшимча қилди Норбоев.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ҳам вакцина олиш муҳимлигини таъкидлади.

«Бир нарсани яхши тушуниш керак, вакцина омикрондан ҳимоя қилмайди. Эмланган одамда касаллик енгилроқ ўтади, холос. Биз уни юқтирмаслик учун жамоатчилик йиғилган жойлардаги муносабатларни камайтиришимиз ва гигиенага қаттиқ эътиборли бўлишимиз керак»,  деди у.

Оммавий тадбирларга чеклов йўқ

Махсус комиссия қарорида давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланиши маълум қилинганди. Ижтимоий тармоқда эса 15 январдан оммавий тадбирлар тақиқланиши ҳақида асоссиз хабар тарқалди.

«Оммавий концерт тадбирлари айни кундаги карантин талаблари асосида ўтказилади. Бироқ эпидемиологик ҳолат ўзгаришига қараб талаблар қатъийлашиши мумкин. Буни вақт кўрсатади», деди ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов.

Жарима ҳақида гап йўқ

Махсус комиссия қарорида жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилаётгани маълум қилинганди. Ижтимоий тармоқларда ниқобсиз қўлга тушганлар 1 млн 350 минг сўм миқдорида жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантиришлар пайдо бўлди.

Ҳабибулла Оқилов тиббий ниқоб тақмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилишини, махсус комиссиянинг 9 январь кунги йиғилишида тиббий ниқоб тақмаган фуқароларга фақат огоҳлантириш берилиши айтилганини билдирди.

«Бош вазир бошчилигида Махсус комиссия йиғилишида ички ишлар, миллий гвардия ходимларига кўчада юрганда муомалани тўғри қилиш тушунтирилди. Ниқобсиз бўлган фуқарога, биринчидан, тушунтириш, огоҳлантириш ва фақатгина огоҳлантириш берилади. Ходимларга ниқобсиз фуқароларга бериш учун керакли миқдорда ниқоблар тарқатилган. Жарималар тўғрисида ҳозирча гап йўқ», деди Оқилов.

Ўқиш онлайнга ўтказилмайди

Ўзбекистонда ОТМ талабалари ва мактаб ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилган. Бу эса ижтимоий тармоқда ўқиш онлайнга ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги гапларни келтириб чиқарди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов ОТМларда таълим жараёни онлайн форматга ўтказилмаслигини билдирди.

«24 январдан кейин таълим жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди. Якуний назорат имтиҳонлари ўз вақтида бўлиб ўтади», деди у.

Ҳабибулла Оқилов мактабларда таътил узайтирилиши омикрон аниқланиши билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

«Мактабларда таътил узайтирилиши мавсумий грипп билан боғлиқ. Омикрон кейин аниқланди. Ҳозир мавсумий грипп тарқаладиган вақт», деган у.

Мавзуга оид