Туғуруқхоналардаги ўлимни қандай камайтириш мумкин? – Саудияда ишлаётган ўзбек шифокори билан суҳбат
Ойгул Абдусалом Саудия Арабистони Қироллик шифохонасида ишлайди. Соғлом аёл ёки чақалоқларнинг ўлимига кўпинча қабулхонадаги камчиликлар, транспортировканинг тўғри ташкил қилинмагани ва қон етишмаслиги сабаб бўлади, дейди шифокор Kun.uz билан суҳбатда.
Ўзбекистонда минглаб ишига уста, қўли енгил шифокор, ҳамширалар бор. Уларнинг ёрдами билан кунига минглаб аёллар чақалоғини соғлом ҳолда қўлига олади. Бироқ 2024 йилда ҳам бир неча бор туғуруқхоналарда ўлим ҳолатлари кузатилди. Ўлимлар сабаби нимада, уларни қандай тўхтатиш мумкин? Kun.uz мухбири шу ва бошқа мавзуларда Саудия Арабистони Қироллик шифохонасида ишлаётган Ойдин Абдусаломова билан суҳбатлашди.
– Саудия Арабистонида ҳам олдин аёллар ўлими кўп бўлгани айтилади. Улар вазиятни қандай изига солган, туғуруқхоналарда қандай тизим ишлайди?
– Бу ерда иш Европа ва Америка йўриқномалари асосида ташкил этилган. Нафақат иш, балки ташкилий масалалар ҳам тизимли йўлга қўйилган. Ишнинг сифати ҳам ташкиллаштиришга боғлиқ. Ҳомиладор аёл шифохонага келиши билан унинг маълумотлари компютерга киритилади, қоғозда қолиб кетмайди. Иш қабулхонадан бошлаб яхши ташкиллаштирилади. Шунингдек, қон таҳлили, рентген, УЗИ сингари текширувларнинг натижаларини топиш осон. Агар беморнинг натижалари ёмон чиқса, у билан тезда алоқага чиқилади. Бунинг учун беморнинг ўзгармаган телефон рақами олинади ва бошқа давлатга кетиб қолса ҳам маълумотлар зудлик билан етказилади. Барча туғуруқхоналарда исталган пайт жарроҳ ва бошқа мутахассислар топилади.
Яна бир томони: дори воситаларига аллергияси бўлса, беморнинг билагига қизил боғич, яна бошқа касали бўлса, бошқа рангдаги боғичлар боғланади ва бу орқали ҳамшира, врачлар унинг қандай ҳолатда эканини билади. Ҳушини йўқотган бўлса, гапиролмаса, боғичларга қараб муолажа қилинади.
– Андижонда ишлаган пайтингизда вазият қандай эди? Буни алоҳида сўраётганимнинг сабаби таҳририятга айнан Андижонда аёллар ўлими билан боғлиқ мурожаатлар нисбатан кўп келади?
– Ҳа, мен яқинда Андижонда туғуруқхонада аёл ўлганини ўқидим. Унда шифокорни айблаш қийин, ишда камчилик бўлган. Охир-оқибат бу камчиликлардан бемор азият чеккан. Туғуруқхонада этарли мутахассислар бўлмаган. Жарроҳ кўричакни текшириб берганда эди, бу каби ҳолат рўй бермасди, менимча. Билишимча, у ерда транспортировка ҳам хато бўлган. Ҳеч бир шифохона беморни қабул қилмаган. Саудияда бундай эмас, бир шифохонадан бошқа шифохонага бемор юборилса, унинг касаллик тарихи ва бошқа маълумотлари ҳам бирга юборилади ва нариги шифохонадаги навбатчида шифокорлар рўйхати бўлади. Беморнинг касаллигига қараб тегишли врачнинг телефон рақами олдиндан беморга юборилади. Шунингдек, бўш жойлар сони ҳам аниқлаштирилиб, бемор ўша шифохонага юборилади. Агар иш тўғри ташкиллаштирилса, касал сарсон бўлмайди. Врачлар ҳам беморларни осон қабул қилади.
Мен Андижондаги перинатал марказда ишлаганман ва ўша вақтда камчиликлар кўп эди. Ҳозир давлатимиз томонидан турли шароитлар яратиб берилган, туғуруқхоналарнинг аҳволи ҳам анча яхшиланган. Аммо ҳозиргача туғуруқхоналарда УЗИ аппарати фақат кундузи ишлайди. Бу гинекологга керакли асбоб ҳисобланади. Кардиокотограмма ҳар бир туғуруқхонада ҳар бир аёл учун бўлиши керак. Аммо бу каби анжомлар билан туман туғуруқхоналар жиҳозланмаган. Аввал ҳомиланинг ҳолатини трубка билан эшитиб аниқлашар эди. Бу қанчалар ноаниқликни келтириб чиқаради ахир. Мен шу трубка билан қандай ишлаганимизни тасаввур қилолмайман.
– Бизга келадиган мурожаатларнинг кўпида бола ҳам, она ҳам соғлом эди, дейишади марҳумнинг яқинлари. Тўғри, ҳар бир вазият алоҳида текширув, ёндашувни талаб қилади. Лекин умуман олганда соғлиғида муаммоси бўлмаган аёлнинг вафот этишига нималар сабаб бўлиши мумкин?
– Ҳар бир туғуруқхонада қон банки бўлиши керак. Афсуски, Андижондаги туманларда қон банки йўқ эди. Бу эса ҳомила ва онанинг аҳволи қаттиқ хавф остида қолишига сабаб бўладиган ҳолатларда панд бериб қўйиши мумкин. Яна бир ишдаги камчилик – врач гинеколог қон қуйиши мумкин эмас. Бу ишни фақат врач-лаборант бажариши керак. Биз ишлаган вақтимизда жуда кўп асбобларни аралаштириб ишлатганмиз. Ёки бирининг ўрнига иккинчи турдаги ускунани ишлатишимиз керак бўлган. Баъзида қонни етказиш учун автомобил бўлмас эди. Ёки электр ўчиб қоларди. Ёки қон қуйиш жараёнидаги иш яхши ташкиллаштирилмас эди. Шунақа вазиятлар бўлар эдики, қон анализидаги ҳолатни текшириб кўриш учун оддий жиҳозлар етмаганидан ҳар бир таҳлил ҳолатини алоҳида гугурт чўпи билан аниқлаш учун чўнтагимда гугурт қутисини олиб юрар эдим. Тажрибамда соғлом ҳомиладор аёл қон қуйиш ёрдами вақтида бажарилмагани учун вафот этган ҳолатларга ҳам дуч келганман. Яна бошқа ҳолатда манфий қон гуруҳли беморга мусбат қон қуйилиб, у ҳам вафот этган. Бемор аёлларни керакли жиҳоз етмаслиги ёки врач йўқлиги сабабли сарсон қилиш ҳолатлари кўп бўлган. Шу орқали бола ҳам, она ҳам вафот этган ҳолатлар бўлган.
Хуллас камчиликлар кўп эди. Мен Андижондаги ҳамкасбларим билан суҳбатлашиб қолганимда, улар туманда ҳали ҳам юқоридаги айрим камчиликлар давом этаётганини айтишади.
– Саудияда аёллар ва болалар ўлими қанчалик тез содир бўлади? Вафот этиш ҳолати бўлганда шифокор ва бемор суғуртаси қандай ишлайди?
– Саудияда ҳам болалар ва аёллар ўлими бўлиб туради. Лекин кўп эмас. У ерда ҳам соғлом аёллар вафот этиши ҳолатлари бўлган, бироқ қон етишмаслиги ёки иш тўғри ташкил қилинмагани учун эмас. Агар шундай ҳолат бўлиб қолса ҳам, Саудияда бемор ва шифокор суғуртаси жуда яхши йўлга қўйилган. Суғурта компаниясидаги врач мутахассис келиб вазиятни ўрганади ва ушбу вазиятга холисона баҳо беради. Агар врач хатога йўл қўйган бўлса, беморга маълум сумма ундириб берилади. Беморнинг ҳамма қайдлари, қандай даволангани ва бошқа майда таҳлилларигача йиғиб борилгани учун ҳам ишни ёпти-ёпти қилишнинг иложи йўқ.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
21:45 / 21.12.2024
Ар-Риёд Германия ҳукуматини теракт хавфидан бир неча бор огоҳлантиргани маълум бўлди
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024
IUCN’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расман ўз ишини бошлади
08:10 / 12.11.2024