Ўзбекистон | 08:02 / 23.09.2021
14006
12 дақиқада ўқилади

Цемент учун солиқ ставкаси пасайтирилди, нарх қанчага арзонлайди? Қурилиш материаллари бўйича мутахассис билан суҳбат

Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарга фойда ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар пасайтирилмоқда. Бу бевосита нархларга таъсир қилади. Цемент ишлаб чиқаришда нима янгиликлар кутилмоқда, нархлар қанчага пасаяди, қурилишга бунинг қандай таъсири бор? Kun.uz соҳа мутахассисининг фикрларини бўлишади.

Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 октябридан цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар учун фойда солиғи 15 фоизга, 2022 йил 1 январдан эса ер қаъридан фойдаланганлик солиғи 45 минг сўмдан 22 минг сўмга пасайтирилмоқда. Бу нимани англатади, нархлар қанчага пасаяди, Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш тенденциясида нима ўзгаришлар бўлади? Kun.uz саволларига “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқарма бошлиғи Ботир Хўжабеков жавоб беради.

– Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасининг пасайтирилиши нимани англатади?

– Цемент ишлаб чиқариш амалиётида аввал оҳактош портлатиб, кейин уни майдалаш орқали цемент олинади. Бир тонна оҳактош олиш учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи бор – 45 минг сўм этиб белгиланган. Бу бир тонна цементнинг 12-13 фоизини ташкил қилади. Бир тонна цемент нархи 350 - 450 минг сўм атрофида, 45 минг сўм солиқ бир тоннага ўтирса, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи цемент таннархининг 12-13 фоизини ташкил қилади. Янада оддий айтадиган бўлсак, ишлаб чиқарилаётган цемент таннархи 350-450 минг сўм атрофида бўлса, ўшанинг 45 минг сўми ер қаъридан фойдаланганлик солиғидир.

Биржада цементнинг нархи 500-550 минг сўм. 31 августда Президентнинг “Қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 52-39-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, цемент ишлаб чиқариш корхоналари учун 2021 йилнинг 1 октябридан фойда солиғини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш белгиланди. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни эса 2022 йил биринчи январдан 45 минг сўмдан 22,5 минг сўмга тушириш белгиланди. Бу нимага олиб келади? Биринчи ўринда маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган цемент таннархи 22,5 минг сўмга арзонлашади (бир тоннаси).

Сабабики, бир тонна цемент ишлаб чиқариш учун ўртача бир тонна оҳактош сарф этилади (ўртача бирга бирни ташкил этади). Демак, бу цемент корхоналарида ишлаб чиқарилаётган цемент таннархи пасайса, таклиф қилинаётган маҳсулотнинг бошланғич нархини ҳам 22,5 минг сўмга арзонлаштириш имконияти туғилади. Цемент таннархи 6-7 фоизга арзонлашади.

(Эслатма: цемент таннархининг 6-7 фоизга арзонлаши, 2022 йил бошида ер қаъридан фойдаланганлик солиғи 22,5 минг сўм бўлганда юз беради.)

– Бошқа давлатларда қандай, масалан қўшниларда?

Бизда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 45 минг сўм бўлса, оҳактош таннархининг 150-200 фоизини ташкил этади. Бир тонна оҳактошни қазиб олиш харажати 25-30 минг сўмга тушган тақдирда, устига 45 минг сўм солиқ ўтиради. Шу сабабли бу оҳактош таннархини 150-200 фоизга оширади.

Ушбу солиқ миқдори Қозоғистонда бу 4,7 фоиз, Тожикистонда 7 фоиз, Қирғизистонда 3 фоиз, Туркманистонда 0 дан 50 фоизгача. Бизда қўшниларга қараганда солиқ юкининг баландлиги туфайли рақобатбардошликка таъсир қилувчи омиллардан бири тушиб кетган. Шу сабабли ставка 22,5 минг сўмга камайтирилди. Қўшни давлатлардан бизгача олиб келинадиган цементнинг логистика харажатлари билан солиштирганда рақобатбардошлик муҳити яхшиланади. 

Ўзбекистон ва қўшни давлатларда цемент ишлаб чиқарувчилар учун солиқ ставкалари

Т/Р Кўрсаткичлар Ўлчов бирлиги Цемент етказиб берувчи асосий давлатлар*
Қозоғистон Тожикистон Қирғизистон Туркманистон Эрон Ўзбекистон
1 Фойда солиғи Фоиз 20% 13% 10 % 8 % 0 – 25,3 % 20%
2 ҚҚС Фоиз 12% 18 % 12 % 15% 9 % 15%
3 Ер қаъридан фойдаланганлик солиғи

Фоиз/тн

(сўм)

4,7% 7 % 3 % 0-50% (рентабелликка қараб) йўқ

Табиий газда ишловчи

корхоналар учун

45000 сўм/тн, Кўмирдан ишлайдиган корхоналар учун

22500 сўм/тн

4 Мол-мулк солиғи Фоиз/тн 1,5% 3-15 % 0,8 % 1% йўқ 2%
5 Ер солиғи 1га/сўм

1,2-14,3 минг сўм

оралиғида (ер жойлашган ҳудудга қараб

ўзгаради)

1,5-1,9 минг сўм

оралиғида (ер жойлашган ҳудудга қараб

ўзгаради)

0-50 минг сўм

оралиғида (ер жойлашган ҳудудга қараб

ўзгаради)

йўқ Келишувнинг 5% миқдорида

Тошкент шаҳрида 41,6-208 млн сўм, вилоятларда 20,8-33

млн сўм оралиғида.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида.

- уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 дан 2,0 гача бўлган камайтирувчи

ва оширувчи коэффициентлар, «Шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий – чегараларида жойлашган конлар ва карьерлар банд этган ерлар учун солиқ.

Ставкаларига 0,1 коэффициентини қўллаган

ҳолда тўлайди.

 

 

 

*Солиқ кодексларидан олинган маълумотлар

 – Фойда солиғи ҳам пасайтирилмоқда, умумий ҳисобда нархда қандай ўзгариш бўлади?

– Бошқа соҳаларда фойда солиғи 15 фоиз, цемент ишлаб чиқарувчиларда эса 20 фоиз. 1 октябрдан бошқа соҳалар каби ставка 15 фоизга тенглаштириляпти. Демак 1 октябрдан фойда солиғи 5 фоизга камаядиган бўлса, бу цемент нархига 5-10 минг сўм атрофида таъсир қилиши мумкин. Фойда солиғининг 1 октябрдан 15 фоизга туширилиши оқибатида 5-10 минг сўм арзонлашади, унга қўшимча равишда 2022 йил 1 январдан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ пасайиши ҳисобига 22 минг сўм цемент таннархи арзонлашади. Умумий олганда бир тонна цемент нархи 30 минг сўмгача арзонлаши кутилмоқда.

– Ички бозорда ишлаб чиқариш талабни тўлиқ қоплайдими, келгусида нималар ўзгаради?

– Ҳар йили цемент ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармони қабул қилинади. 2021 йилда цемент ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси ВМнинг 14-мартдаги фармойишига кўра, цементга бўлган ички талаб 16 млн 100 минг тоннани ташкил қилиши прогнозлаштирилган. Цемент ишлаб чиқариш эса 16 млн 400 минг тонна деб тахмин қилинган, яъни ички талабга нисбатан 300 минг тонна кўп маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда республикада 30 та цемент заводи фаолият юритмоқда. Умумий қуввати 21 млн тонна. Йил якунига қадар яна 3 млн тонна атрофида қувват ишга туширилиши кутилмоқда. Шундан кейин республиканинг цемент ишлаб чиқариш лойиҳавий қуввати 24 млн тоннага етади. Бу йил 16,4 млн тонна ишлаб чиқариш белгиланган бўлса, дунё бўйича ўртача аҳоли жон бошига 540 кг цемент ишлаб чиқарилиши кўрсаткичи бор. Демак, аҳоли ҳар йили 600-700 мингга кўпайса, бу 350 минг тонна атрофида ички талаб ошиб боришини англатади. Бу йил ишлаб чиқариш 16,1 млн тоннага етказилса, кейинги йил 16,5 тонна, ундан кейинги йил 17 млн тонна ва ҳоказо тарзда ошириб борилади. Бундан келиб чиқадики, ишлаб чиқариш ички талабни 100 фоиз қоплайди.

Талабга нисбатан таклиф қанчалик кўп бўлса, рақобат муҳити кучаяди. 2020 йил якуни билан республикада 12 млн 500 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган, талаб эса 14,5 млн тонна бўлган. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати етмай, 2 млн тонна цемент дефицит бўлган. 2021 йилдан бошлаб қувват етарли, ички талабни ортиғи билан қондиришга имкон бор. Бу корхоналар ўзаро рақобатлашиб мижозларни жалб қилиш учун сифат ва нархга катта эътибор беришларига олиб келади.

– Цемент нархининг арзонлаши оқибатида қурилиш нархи қанчага арзонлаши мумкин? Умуман, қурилишда цементнинг улушини қандай баҳолаймиз?

– 2020 йил якуни билан 90 трлн сўм атрофида қурилиш ишлари амалга оширилган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини олсак, 22 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, шунинг деярли 30 фоизини цемент ташкил қилади. 25 фоиз атрофида темир-бетон буюмлари ташкил қилади. Демак, қурилишда цементнинг улуши бир метр квадратда 5-10 фоиз атрофида нархга таъсир қилади. Бир тонна цемент нархи 30 минг сўм (10 фоиз)га арзонлашса, қурилишда 1-2 фоизга таннарх арзонлаши мумкин. Бу унчалик сезарли таъсир эмас. Лекин қурилиш аралашмалари,  темир бетон буюмлари кабилар билан бирга тахминан 3-5 фоизга арзонлаши мумкин.

– Ўтган йил қиш мавсумида газ етишмовчилиги туфайли цемент ишлаб чиқаришда муаммолар юзага келди ва бу нархга таъсир қилди. Бу йил ҳам шу ҳолат кузатилса, бозорда қандай ўзгариш бўлади?

– Таққослайдиган бўлсак, 2020 йил якунида корхоналарга табиий газ етказиб бермаслик оқибатида 1 млн 700 минг тоннага яқин цемент ишлаб чиқарилмаган. Бу асосан йилнинг биринчи чорагига тўғри келган. 2021 йилнинг бошида эса корхоналар газ етишмовчилиги сабабли 600 минг тонна ишлаб чиқара олмади. Йил охирида газ таъминотида муаммо бўлмаслиги керак деб кутяпмиз.

2019 йилгача бўлган даврда қиш мавсумида кўплаб чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар цемент олиб омборларда сақлайди. Ёзда корхоналар томонидан цемент ишлаб чиқарилиб, бозорларга савдога чиқаришлари билан бир қаторда, тадбиркорлар омборлардаги цемент ҳам сотувга чиқарилган ва натижада нарх арзонлашига катта таъсир қилган.

Энг катта салбий таъсир 2020 йилда кузатилди, нарх биржада 800-850 минг сўмга бориб қолди. Бу йил нархдаги таъсир 300 минг сўм ёки 40 фоизга камайди. Ўтган йил июн-июл ойларида ўртача нарх 745 минг сўм бўлган, бу йил 521 минг сўм бўлмоқда, бу биржа нархлари 30 фоизга арзонлаганини кўрсатади. 2021-2024 йилларда жами лойиҳавий қуввати 17 млн тонна бўлган корхоналар ишга туширилиши кутилмоқда. Бугунги кунда 21 млн тонна қувватга эга бўлсак, 2024 йилга бориб 38 млн тоннага қувват оширилади. Бу янада рақобат кучайиб, нарх арзонлаши ва сифат яхшиланишига сабаб бўлади.

– Юқорида ўтган йиллардаги дефицит ҳақида гапирдингиз, бу қандай омиллар билан изоҳланади?

– Ўтган йили 12,5 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган. Бозорда 14,5 млн тонналик талаб бўлган, 2,5 млн тонна маҳсулот четдан импорт ва 500 минг тонна четга экспорт қилинган. Жорий йилда ( январ-июл) 1 млн 700 минг тонна цемент импорт қилинган. Секин-аста импорт миқдори камаяётганини кўриш мумкин. Ички ишлаб чиқаришда таннарх қимматлашишига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири деб солиқлар юкидир. Яна бир асосий таъсир қилувчи омиллар шуки, аксар корхоналарнинг маркетинг системаси яхши йўлга қўйилмаганлиги, мутахассис кадрлар етимовчилиги ва бошқалардир. Мижозлар билан тўғридан тўғри ишлаш орқали корхоналар ишлаб чиқарадиган цемент турларига, сифатига ҳамда нархига катта эътибор қаратадилар.

2019-2021 йилларда цемент ишлаб чиқариш қуввати тўғрисида маълумот

Муддат Лойиҳавий қувват
2019 йил I чорак 11 млн 550 минг тонна
2020 йил I чорак 15 млн 100 минг тонна
2021 йил I чорак 16,7 млн тонна
2021 йилнинг шу даврида 21 млн тонна

Аҳолига сифатли ва янада арзон цемент махсулотларини етказиб бериш мақсадида, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таҳлилий ҳамда амалий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан:

Йилнинг куз-қиш мавсумларида корхоналарни етарли ҳажмларда табиий газ ҳамда электр энергияси билан ўз вақтида таъминлаш. Бунда, 2020-2021 йилнинг куз-қиш мавсумининг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, табиий газ таъминотида тақчиллик юзага келганда, энергия самарадорлик меъёрларига жавоб берадиган корхоналарга импортдан табиий газ етказиб бериш амалиётини доимий жорий қилиш. Маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган цемент сотилишида ягона ва тенг механизмни жорий этиш ва бошқалар.

Мадина Очилова суҳбатлашди

Мавзуга оид