Жаҳон | 12:08 / 28.10.2025
13344
5 дақиқада ўқилади

Россиядаги ҳарбий заводда портлаш. Қурбонлар сони ортди

Камида 13 киши ҳалок бўлган, олти кундан буён яна 10 кишининг жасади топилмаяпти.

Фото: Александр Чирков / ТАСС / Profimedia

Беш кун олдин – 22 октябр куни – Челябинск области Копейск шаҳридаги «Пластмасс» заводида портлаш рўй берган. 27 октябр ҳолатига кўра, расман 13 киши ўлими тасдиқланган. Уларнинг жасадлари топилган.

Челябинск области расмийлари маълумотига кўра, портлашнинг жами қурбонлари рўйхатида 23 киши номи қайд этилган, уларнинг барчаси корхона ишчиларидир. Яна 10 киши тақдири ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Портлаш жойида харобаларни тозалаш ишлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ портлаш оқибатида қарийб 30 киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Жабрланувчилардан тўрт нафари област шифохонасида қолмоқда, яна икки нафари Нижний Новгороддаги федерал куйиш марказига юборилган. Қолганларга уйида даволаниши учун жавоб берилган.

27 октябр куни Копейскда корхона жамоаси, қурбонларнинг яқинлари ва жабрланувчиларнинг завод раҳбарияти ҳамда ҳукумат вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилади 74.ru нашри. Учрашувда Челябинск области вице-губернатори Алексей Фартигин портлаш оқибатида ҳалок бўлганлардан етти нафарини жасади орқали қариндошлари танишганини айтган. Қолган топилган жасадларнинг шахсини аниқлаш учун оилалардан ДНК намуналари олинган.

«Барча процессуал ҳаракатлар учун вақт керак. Пойдеворга етиб бормагунимизча, қидирув ишлари давом этади. <...> Фавқулодда ҳолат жойидан топилган барча қолдиқлар ген экспертизаси ёрдамида аниқланади. Одам „буғланиб кетади“ деган нарса бўлмайди», – дея ишонтирган Фартигин.

Ўз навбатида, корхона раҳбари Александр Балашов Копейск ҳукумати дафн маросими харажатларини тўлашига, завод раҳбарияти эса дафн маросими харажатларини қоплашига ва ҳалок бўлганларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашига ваъда берди. Олдинроқ област губернатори Алексей Текслер ҳалок бўлганларнинг оилаларига 10 миллион рублдан, жабрланувчилар учун эса 1 миллиондан 2 миллион рублгача миқдорда товон пуллари берилишини айтганди.

Корхонанинг бедарак кетган ходимларидан бирининг синглиси акасини тирик топиш имконияти ҳақида берган саволига жавобан у шундай деган: «Очиғини айтаман. Умид йўқ».

Яқинлари томонидан аллақачон таниб олинган жасадларнинг эгалари уларни қачон олиб кетишга рухсат берилишини сўрашган. «Агар суд-тиббиёт экспертизаси ва Тергов қўмитаси рухсат берса, жасадларни олиб кетиш мумкин бўлади», – деган Балашов.

Йиғилганлар портлаш сабаби ҳақида ҳам савол беришган, бироқ расмийлар ҳали ҳам очиқламаяпти. «Бу саволга ҳозир ҳеч ким жавоб беролмайди. Аниқлаш учун тергов тадбирларини ўтказиш керак, жумладан, ҳозирда ўтказилаётган экспертизалар зарур», – деди Фартигин уларга.

Копейскдаги «Пластмасс» заводи 1939 йилда очилган бўлиб, ҳозирда «Ростех» давлат корпорацияси таркибига киради. Корхона дала, кема, зенит ва танк артиллерияси учун ўқ-дорилар, шунингдек авиация учун С-8 русумли бошқарилмайдиган ракеталар (бундай ракеталар Украина билан урушда кенг қўлланмоқда) ишлаб чиқаради.

2024 йил июнида «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов сўнгги йилларда завод ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни беш бараварга оширгани ва бу кўрсаткични яна 20 фоизга оширишни режалаштираётгани ҳақида ҳисобот берганди.

Заводдаги портлаш 22 октябр куни кечқурун содир бўлган. Челябинск области раҳбари Алексей Текслер деярли дарҳол «дрон зарбаси версияси тасдиқланмагани»ни айтганди. РФ Тергов қўмитаси портлашга «хавфсизлик қоидалари бузилиши» сабаб бўлгани ҳақида хабар берган.

Александр Чирков / ТАСС / ZUMA Press / Scanpix / LETA

24 октябр куни Копейскда хотира куни деб эълон қилинди. Хиёбондаги маросимда қатнашган губернатор Алексей Текслер ёдгорликка гулдаста қўйди ва нутқ сўзлаб, қурбонларни «жанговар қуролдошларимиз» деб атади.

«Мен „жанговар“ деяпман, чунки улар махсус ҳарбий операция учун вазифаларни бажаришган. Биз қайғудамиз, уларнинг номларини абадий эслаймиз», деган Текслер.

Губернатордан сўнг корхона бош директори Александр Балашов ҳам шаҳар аҳолисига мурожаат қилган. «Сафдошларимиз ҳалок бўлди. Бўлиб ўтган воқеадан чуқур шокдаман. Яхши одамлар ҳалок бўлди. Биз сизни ҳеч қачон унутмаймиз. Нима қилиш керак бўлса қиламиз. Бу қайғули, бу қандай содир бўлгани тушунарсиз. Бизнинг энг асосий вазифамиз - мамлакат келажаги боғлиқ бўлган давлат мудофаа буюртмасини бажариш»,  деган у.

Россия президенти Владимир Путин ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирмади ва Копейскдаги заводдаги портлаш ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев