Жамият | 13:25 / 25.01.2026
38880
2 дақиқада ўқилади

Туркияда ўзбекистонлик аёл ваҳшийларча ўлдирилди

Истанбулдаги чиқинди контейнеридан ўзбекистонлик аёлнинг бошсиз жасади топилган. У ўзбекистонлик танишлари томонидан ўлдирилгани айтилмоқда, қотилликда гумонланувчилар қўлга олинган.

24 январ куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида даҳшатли қотиллик рўй берди. Шаҳарнинг Шишли туманидаги Ферикўй маҳалласида чиқинди контейнеридан бошсиз тана топилган. Ушбу жасад Ўзбекистон фуқароси бўлган 37 ёшли аёлга тегишли бўлиб, у бошқа ўзбекистонликлар томонидан ўлдирилган.

Маҳаллий нашрларга кўра, қотиллар жасадни бўлаклаб, чамадонга солишган ва чиқиндихонага ташлаб кетишган. Жасаднинг бошқа қисмлари бошқа чиқиндихонадан топилган.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси ўлдирилган шахс Ўзбекистон фуқароси Ҳакимова Дурдона эканини тасдиқлаган.

«2026 йил 24 январ куни соат 19:40 атрофида Истанбул шаҳрининг Шишли туманида чиқиндилар орасидан буюм тўплаб юрган фуқаро контейнер ичида ўралган жасадни кўриб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган. Кўрик жараёнида жасаднинг бош қисми мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳакимова Дурдона экани тасдиқланди», – дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг 2 нафар фуқароси қўлга олинган. Улар Туркиядан Грузияга авиарейс орқали қочишга уринган вақтида ушланган.

Бош консулхона дипломатлари томонидан марҳуманинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатилган ҳамда уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича суриштирув жараёнлари Бош консулхона назоратига олингани, ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар расмий манбалар орқали тақдим этиб борилиши қайд этилган.

Маҳаллий нашрларга кўра, қотиллик Дурдона Ҳакимованинг таниши Д. Т томонидан содир этилган бўлиб, жиноятни содир этишда унга дўсти Ғ. К ёрдам берган. Улар Туркияда қурилиш ишларида ишлаган.

Ушбу қотилликка алоқадорликда гумонланиб яна бир киши қўлга олинган.

Ҳозирча қотиллик мотивларига аниқлик киритилмади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид