Иқтисодиёт | 08:23 / 13.02.2026
3072
1 дақиқада ўқилади

Қонунчиликдаги енгиллик: кимлар даромад солиғини кам тўлайди?

Амалдаги қонунчиликка кўра, айрим тоифадаги фуқаролар учун даромад солиғи бўйича имтиёзлар белгиланган. Жумладан, 2 ва ундан ортиқ 16 ёшга тўлмаган болалари бор ёлғиз оналар иш ҳақидан ундириладиган даромад солиғини камроқ тўлайди.

Бундай ёлғиз оналарнинг ҳар ойлик даромадининг меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоригача бўлган қисми даромад солиғидан озод қилинади.

Ҳозирги ҳисоб-китобга кўра, бу 1 792 110 сўм миқдорни ташкил этади. Яъни, ушбу сумма доирасидаги даромаддан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ундирилмайди.

Мазкур солиқ енгиллиги автоматик равишда эмас, балки ҳужжат асосида қўлланади.

Бунинг учун:

  • Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари томонидан берилган маълумотнома тақдим этилади;
  • маълумотнома иш берувчига топширилади;
  • шундан сўнг бухгалтерия томонидан солиқ ҳисоб-китобида имтиёз қўлланади.

Ушбу енгиллик кўп фарзандли ёлғиз оналарнинг молиявий юкини камайтириш, оилавий бюджетини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Солиқдан қисман озодлик ойлик даромаднинг кўпроқ қисми оила эҳтиёжлари учун қолишига хизмат қилади.

Қонунчиликда белгиланган бундай имкониятлардан хабардор бўлиш ва ўз вақтида фойдаланиш фуқаролар учун муҳим аҳамиятга эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид