Жамият | 08:52 / 25.07.2021
53611
3 дақиқада ўқилади

Ургутдаги жанжалнинг яна бир иштирокчиси аниқланди. Уни Россиядан келтириш чоралари кўрилмоқда

2021 йил 21 июль куни Ургут туманида яшовчи Ш.Ш. Telegram’даги гуруҳда, туманнинг Ғўс қишлоғида яшовчи фуқароларни ҳақоратлагани ортидан можаро келиб чиққан. Шундан сўнг Ғўс қишлоғи аҳолиси Ш.Ш.ни «самосуд» қилиш учун аввал унинг уйига, сўнг ҳокимиятга борганди. Аниқланишича, мазкур жанжалнинг келиб чиқишига Ғўс қишлоғида яшовчи шахс ҳам сабаб бўлган. Унинг Telegram’даги гуруҳда Ш.Ш. билан гап талашиб сўкингани можаро авж олишига олиб келган.

Ҳодиса юзасидан олиб борилаётган суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Ургут тумани Ғўс қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган И.Б. Telegram ижтимоий тармоғидаги гуруҳда фуқаро Ш.Ш. билан гап талашиб, уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Шундан сўнг ўртада зиддият пайдо бўлган ва бу жанжалга айланган.

Қайд этилишича, ҳозирда И.Б.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан унга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фуқаро И.Б. айни пайтда Россияда экани аниқланиб, содир бўлган жиноий ишга алоқадорлигини аниқлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида уни Ўзбекистонга келтириш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ургут тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Ш.Ш. жорий йил 21 июль куни Ғўс қишлоғида яшовчи фуқароларни ҳақорат қилиши ортидан 22 июль куни икки юзга яқин ғўсликлар унинг уйига борган. Ҳолат ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан назоратга олиниб, Ш.Ш.нинг уйига борган одамлар тарқатиб юборилган.

23 июль куни эрталаб Ғўс қишлоғи аҳолиси Ш.Ш.ни ўзларига топширишни талаб қилиб туман ҳокимлиги биноси олдига йиғилган. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда тасвирланишича, Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари ғўсликларни ҳокимият биносига бостириб киришдан тўхтатиб қолган ва тушга яқин тарқатиб юборишга муваффақ бўлган.

Маълумот учун, ҳозирда Ш.Ш.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми (ҳақорат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид