Вилоятликларни ҳақорат қилган яна бир қиз 10 суткага қамалди
20 ёшли қиз ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида тўғридан тўғри эфир қилиб, беҳаё сўзлар билан вилоятларда яшовчи аҳолининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган. У судда ҳақоратли сўзларни салбий фикр билдирган кузатувчиларига жавоб тариқасида айтиб юборганлигини билдириб, узр сўраган.
Вилоятликларни ҳақорат қилган яна бир қизга маъмурий жазо қўлланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2004 йилда туғилган, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи С.Р. 2024 йилнинг 20 июл куни Instagram’даги саҳифасида вилоятликларни ҳақорат қилган. У тўғридан тўғри вақтида ахлоқ қоидаларини менсимаган ҳолда беҳаё сўзлар билан вилоятларда яшовчи аҳолининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган. Қизнинг ушбу ҳаракатлари ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, С.Р. ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш учун Чирчиқ шаҳар ИИБ ХПГ профилактика инспектори келганида кўчада бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузган ҳолда майда безорилик содир этган.
С.Р. судда вилоятликларга нисбатан ҳақоратли сўзларни салбий фикр билдирган кузатувчиларига жавоб тариқасида айтиб юборганлигини, бу қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини таъкидлаган. У барчадан узр сўрашини айтган ва суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг қарори билан С.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Олдинроқ вилоятликларни ҳақоратлаган қиз 15 суткага қамалган, қишлоқликларни “жирканч махлуқот” деб атаган қиз эса жаримага тортилганди.
Мавзуга оид
11:25
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
17:14 / 20.11.2024
Чирчиқ шаҳрида 4 туп ёнғоқни кесган шахс табиатга 247 миллион сўм зарар етказди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024