Иқтисодиёт | 13:44 / 16.06.2023
40923
5 дақиқада ўқилади

Европаликлар қўлига ўтган Ипотекабанк: харид нархи қанча бўлди, келгуси режалар қандай?

Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки – Ипотекабанк хусусийлаштирилди. Банкнинг 74 фоиз улушини Венгриянинг OTP гуруҳи сотиб олди. Хўш, Венгрия банки Ипотекабанк учун қанча тўлади, келгусида қанақа ўзгаришлар бўлади, банк номи ўзгарадими? OTP банк бошқарув раиси ўринбосари Ласло Волф Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

– Жаноб, Волф, интервюга рози бўлганингиз учун раҳмат. Биз Ўзбекистон банк секторидаги катта воқеага гувоҳ бўлдик. Сизга шу борада айрим саволларимиз бор. Нима учун ОТП банк Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистондаги банклардан бирини сотиб олишга қарор қилди?

– ОТП банк ҳар доим катта ялпи потенциалга эга ва сиёсий барқарорлик бор мамлакатлардан етарлича кучли банкларни излаб, уларга инвестиция киритади. Ўзбекистонда биз барча талабларимизга жавоб берадиган “Ипотекабанк”ни топдик.

– ОТП банк “Ипотекабанк”ни қанчага сотиб олди. Айрим манбаларда битим нархи 324 млн долларга тенглиги айтилганди, бу ҳақиқатми?

– Бу банкнинг 100 фоиз улушининг нархи. Аммо биз биринчи босқичда банкнинг 74 фоиз улушини сотиб олдик. 324 млн доллар ҳақидаги гаплар банкнинг умумий нархига оид, 74 фоиз улуши нархи 240 млн долларга тенг.

– ОТП банк ўзининг қандай жиҳатлари ва тажрибаларини “Ипотекабанк”ка татбиқ этмоқчи?

– Биз банкнинг барча афзалликларини сақлаб қолмоқчимиз. Ипотекани молиялаштиришни давом эттирамиз, шу билан бирга янги хизматларни жорий этиш ва жараёнларни яхшилашни хоҳлаймиз. Мижозлар билан ишлаш тажрибасини яхшилаймиз, чакана ва корпоратив мижозлар, шунингдек, янги лойиҳаларни молиялаштиришда фаолроқ бўламиз.

– Келажакда айнан қандай янги хизматларни кўришимиз мумкин?

– Ўйлайманки, истеъмолни молиялаштириш, якка тартибдаги тадбиркорларга молиявий ресурслар ажратиш масалаларида қарор қабул қилиш жараёнини анча тезлаштирамиз. Бундан ташқари, биз ўрта ва йирик компаниялар учун пул маблағларини бошқариш хизматлари деб аталадиган тўлов хизматларини, шунингдек, айтиб ўтганимдек, янги лойиҳалар ва йирик компанияларни молиялаштиришни жорий қилмоқчимиз.

– ОТП банкнинг молиялаш билан боғлиқ имкониятлари Ўзбекистондаги бошқа банклар инвесторларига қараганда катталиги ҳисобига, банк нисбатан арзонроқ хизматлар таклиф қилишини кутиш мумкинми?

– Мен бозор нархидан паст нархда хизматлар таклиф қиламиз деб ўйламайман. Лекин, албатта, биз нарх оралиғининг пастки қисмида бўлишни хоҳлаймиз. Қайта молиялаш ва депозитлар ОТП Банк учун ҳам [бошқалар билан] бир хил нархга эга бўлади. Шунинг учун биз нисбатан арзонроқ банклар қаторида бўлишга ҳаракат қиламиз, лекин мен кўпчилик рақобатчиларимизга қараганда анча арзон бўлишига ваъда бера олмайман.

– Жавобингиз учун раҳмат! Ҳозирча “Ипотекабанк”нинг номи ўзгаришсиз қолди. Бунга сабаб нима, келажакда ўзгариши мумкинми?

– Ҳозирча “Ипотекабанк номини сақлаб қоламиз. Унга ОТП гуруҳи номини ҳам қўшдик. Бу масалада бош қотириб, сўровномалар ўтказдик ва тушуниб етдикки, ҳали ОТП банк номи ўзбекистонликлар учун таниқли бренд эмас. Шу сабабли биз банк номини ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилдик. Шундай бўлса-да, бир неча йилдан кейин номни ўзгартиришимиз мумкин, аммо буни қачон қиламиз, аниқ айта олмайман. Ҳозирча Ипотекабанк номи билан фаолиятимизни давом эттирамиз.

– Раҳмат, жаноб Волф. Яна қўшимча маълумот бермоқчи бўлсангиз, марҳамат.

– Мен ҳукумат билан жуда яхши ҳамкорликни амалга оширдик демоқчиман. Ҳукумат жуда яхши ҳамкор бўла олди. Яна бир неча йил Ўзбекистон ҳукумати билан “Ипотекабанк”да ҳамкор бўлиб қоламиз. (Ҳозирча банкнинг 25 фоиз улуши Иқтисодиёт ва молия вазирлигида). Биз сўнгги уч йилда иқтисодиёт ва мамлакат сезиларли ривожланганини эътироф этамиз ва бу кўп жиҳатдан ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари натижаси эканига ишончимиз комил.

– Хусусийлаштиришдан кейин банк мижозларига нима деган бўлардингиз?

– Ваъда бериб айта оламанки, уларга банк филиалларида ҳам, рақамли каналлар орқали ҳам яхши хизматларни тақдим этамиз, мижозлар билан ишлаш тажрибамизни яхшилаймиз, улар кенг кўламли банк хизматларидан фойдалана оладиган бўлади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид