Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этаётган биринчи ғарб банки сифатида OTP Bank, мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси – Ипотека банкнинг асосий акциядорига айланди. Бугун банкни сотиб олишнинг биринчи босқичи якунланди, OTP Bank Ипотека банкнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тегишли акцияларидан 75 фоизини сотиб олди, қолган 25 фоизи 3 йиллик муддатда сотиб олинади. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида OTP Гуруҳ ўз фаолиятини йўлга қўяётган биринчи давлат бўлиб, ўзбек банк бозорига кириш Гуруҳ тарихида янги саҳифа очади. Ипотека банк активлари бўйича банк бозорининг 7,6 фоиз улушига ҳамда 1,5 миллионга яқин чакана мижозларга эга. Ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим Ипотека банк мижозларидан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширишни талаб қилмайди. 

15 июн куни Тошкент шаҳрида Ипотека банкнинг янги акциядорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда OTP банк бошқарув директори ўринбосари Ласло Волф келгусидаги режалар ҳақида гапирди.

"Ўйлайманки, истеъмолни молиялаштириш, якка тартибдаги тадбиркорларга молиявий ресурслар ажратиш масалаларида қарор қабул қилиш жараёнини анча тезлаштирамиз. Бундан ташқари, биз ўрта ва йирик компаниялар учун пул маблағларини бошқариш хизматлари деб аталадиган тўлов хизматларини, шунингдек, айтиб ўтганимдек, янги лойиҳалар ва йирик компанияларни молиялаштиришни жорий қилмоқчимиз”, - деди у.

Ипотека банк Бошқарув раиси Элёр Иномжоновнинг таъкидлашича, 2019 йилдан буён Ипотека банк узлуксиз трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда, бу эса барқарор ўсиш ва маҳаллий банклар орасида кучли позицияни эгаллаш имконини бермоқда.

“Мазкур битим, албатта, бизнинг тарихимизда яна бир муҳим босқич бўлади ва шубҳасиз, OTP Банк гуруҳининг аъзоси сифатида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатининг янада юқори стандартларини тақдим эта оламиз ҳамда янги рақамли технологиялар, маҳсулотлар ва бошқарув тажрибаси ёрдамида банк секторида етакчиликка эришамиз”, - деди у.

Ипотека банк ҳақида

Ипотека банк активлари ҳажми бўйича 7,6 фоиз бозор улушига эга Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки ҳисобланади. Банк йирик корпоратив мижозларга эга бўлишдан ташқари, чакана мижозлари сони 1,5 миллионни ташкил этади ва 39 та филиаллар тармоғи, 200 дан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиш марказлари орқали ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Банк активлари сўнгги уч йилда кредит портфелида йиллик ўртача 20 фоиз, депозит портфелида эса 24 фоизга ўсиш ҳисобига кўпайиб, сўнгги йиллардаги соф фойдаси ҳам доимий равишда яхшиланиб бормоқда.