Ўзбекистон | 10:56 / 23.07.2018
11773
6 дақиқада ўқилади

ИИВ Академиясига 630дан ортиқ курсант қабул қилинди

Фото: ЎзА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларимизнинг замонавий билимли касб ҳунар эгаллаши, келажакда етук мутахассис бўлиши бош устувор аҳамият касб этади. Шу маънода, мустақиллик юртимиз ёшлари учун кенг имкониятлар эшигини очди. Она Ватанимизнинг эртанги куни учун муносиб ҳисса қўшишни истаган ўғил-қизлар бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз мақсадлари, келажак орзулари сари дадил одимлаяптилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросидан келиб чиқиб, 2017 йил 1 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Академиянинг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали тест синовларисиз амалга оширилиши белгиланди. Айтиш керакки, бу имконият мамлакатимиз ёшларининг ўз интилишлари, салоҳиятлари ва келажак мақсадларини рўёбга чиқаришда муҳим туртки бўлди.

Жорий йили таълим муассасасига 10 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширди. Ушбу рақам ўтган йилларга қараганда тўрт баробар кўплигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шундан 8 903 нафар ўғил-қиз махсус касбий танловда қатнашиб, психофизиологик ўрганиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик даражаси ҳамда чет тилларини ўзлаштирганлигини баҳолаш бўйича синовларни топширди. Махсус касбий танловлардан тўплаши мумкин бўлган максимал баллнинг 50 фоизи ва ундан юқори балл олган номзодлар якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилди.

Айтиш керакки, имтиҳонлар қатъий меъёр ва талаблар асосида ташкил этилди. Абитуриентлар учун барча шарт-шароитлар яратилиб, имтиҳон ўтказиладиган махсус хоналар зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланди. Имтиҳонлар бошланиши олдидан номзодларга рақамланган махсус карточкалар топширилди ва махсус касбий танловнинг ҳар бир босқичи жавоблари ўз вақтида эълон қилиб борилди. Ўз навбатида, тўплаган балларидан кўнгли тўлмаган номзодлар ва уларнинг ота-оналари учун апелляция тартиби жорий этилиб, ўтказилган синовларнинг видеотасвирлари намойиш этилди. Қолаверса, имтиҳонлар ва якуний суҳбатга Академиянинг малакали мутахассислари билан бирга, республикамиз етакчи таълим муассасаларидан тажрибали ўқитувчилар жалб қилинди. Бу ҳам жараённинг тенг, ошкора ва шаффоф ўтишига хизмат қилди.

Ниҳоят, якуний натижалар эълон қилинди. Юқоридаги босқичлардан муваффақиятли ўтган 633 нафар ўғил-қиз Академия курсантлари сафига қабул қилинди. 

– Ушбу таълим даргоҳида ўқишни орзу қилардим, – дейди Лочинбек Толмасов. – Бу йўлда астойдил ўқидим, фанлардан пухта тайёрландим. Жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулландим. Бугун ана шу меҳнатларим ўз самарасини берди ва мақсадимга эришдим. Кириш имтиҳонларининг махсус танлов ва суҳбат асосида ўтказилиши биз, ёшлар учун чинакам имконият бўлди. Муҳими, ҳар бир босқичда адолат ва билим устунлик қилди. Муҳтарам Президентимиз ўзларининг ҳар бир чиқишларида ёшлар таълим-тарбияси ҳақида куюниб гапирадилар. Давлатимиз раҳбарининг ишончларини оқлаб, келгусида олий маълумотли офицер ҳамда етук мутахассис бўлиб етишишга ваъда бераман.

Наманганлик Раҳимахон Расулова ҳам ўғлининг ютуқларидан хурсандлигини яширмади. “Инсон борки, яхши ният, пок умидлар билан яшайди, – дейди у. – Айниқса фарзандининг ёруғ келажагини кўриш ҳар бир ота-она учун энг катта орзу-ҳавас бўлса керак. Турмуш ўртоғим билан ўғлимиз Хуршидбекни ҳалол, бир сўзли йигит қилиб вояга етказдик, ўқитдик, мақсадларини рўёбга чиқариш учун барча шароитларни яратиб бердик. У болалигиданоқ шу соҳага жуда ҳавас қиларди. “Улғайсам, албатта, ички ишлар ходими бўлиб, маҳалламизнинг тинчлигини асрайман!” дерди. Буни қарангки, ана шу нияти йўлида у бугун илк қадамини ташлади. Мен ўғлимни Тошкентга “насиб қилса, ўқишларга кириб, ҳали она Ватанинг учун қасамёд қиласан!”дея кузатгандим. Шукурки, ниятим амалга ошди. Фарзандларимиз тақдири учун ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга  алоҳида миннатдорчилик билдираман.

– Бу соҳанинг машаққати-ю муваффақияти менга бегона эмас. Бувам ички ишлар тизимида кўп йиллар ишлаб, нафақага чиққанлар. Уларнинг ҳаётий ўгитлари, маслаҳатлари билан шу соҳага меҳр қўйганман. Келажакда бир мақсадим бор: “Аъло баҳолар билан ўқиб, малакали мутахассис сифатида халқимизга хизмат қилиш! Оиламизнинг шарафли анъанасини муносиб давом эттириш”, – дейди Нодирабегим Ибрагимова.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони – ҳар бир соҳани етук мутахассис кадрлар билан таъминлашдир. Бугун уларнинг сафи Ички ишлар вазирлиги Академиясига қабул қилинган билимга чанқоқ, фидоий, Ватанимиз тақдирига дахлдор ёшлар билан янада кенгайгани ҳар биримизни қувонтиради, албатта. Энг муҳими, навқирон курсантлар шу масканда таълим олиб келгусида профессионал мутахассис кадр бўлиб етишишни ва халқ манфаатларига хизмат қилишни мақсад қилганлар.

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати катта инспектори

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид