Ўзбекистон | 18:52 / 03.06.2024
6642
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонга машҳур тревел блогерлар Ўзбекистонга таклиф этилади

Ўзбекистон туризмини глобал миқёсда реклама қилишга бу йил 5 млн доллар ажратилади. Тарғибот кампаниясида ижтимоий тармоқларга катта эътибор берилади. 10 миллиондан ортиқ аудиторияга эга камида 50 нафар чет эллик блогерлар учун инфо-турлар ташкил этилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти мамлакатнинг туризм салоҳиятини тўлиқ очиб берувчи глобал тарғибот кампаниясини йўлга қўйиш вақти келганини айтди.

Бунда телевидение ва онлайн платформалар билан бирга ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга 1 октябрга қадар “миллий туризм бренди” тўғрисида контент яратиш учун танлов ўтказиб, халқаро платформаларда тарғиботни йўлга қўйиш топширилди.

Бу мақсадларга жорий йилда 5 миллион доллар маблағ ажратилади.

Аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган камида 50 нафар чет эллик блогерлар учун инфо-турлар ташкил қилиниши белгиланди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида, кейинги йилда Хивада Халқаро гастрономик фестиваллар ўтказиш, 300 турдан зиёд таомларга эга миллий ошхонамизни бутун дунёга тарғиб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга электрон виза тизимини янада такомиллаштириб, мобил иловани ҳам ишга тушириш топширилди.

Умуман, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари жорий йилда 11 миллион хорижий сайёҳни олиб келиш ва туризм экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш учун масъул ва жавобгар бўлиши белгиланди.

Мавзуга оид