“Даромад солиғини ҳисоблашда прогрессив шкалага қайтиш режалаштирилмаган” — СҚ
Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Тимур Исмоилов Қозон шаҳрида ўтган иқтисодий форумдаги чиқиши доирасида Ўзбекистонда даромад солиғини ҳисоблашда вақти келиб табақалаштирилган тизимга қайтилиши мумкинлигини айтди. Қўмита ахборот хизматининг изоҳ беришича, прогрессив шкалага ўтиш борасида ҳали ҳеч қанақа режа йўқ.
“Россия – Ислом олами: KazanForum – 2024” халқаро иқтисодий саммитида Солиқ қўмитасининг стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Тимур Исмоилов Ўзбекистон даромад солиғини ҳисоблашда амалдаги бир чизиқли шкаладан воз кечиб, прогрессив солиққа тортиш шкаласига қайтиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Исмоиловнинг сўзларига кўра, прогрессив солиқ шкаласи амалиётда бўлган пайтда иш ҳақининг кўп қисми конвертда тўланган. Ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаларининг пасайтирилиши эса “тадбиркорлик субъектлари учун ходимларни ишга расман жалб қилишни янада фойдали қилиш” истаги билан изоҳланган.
Солиқ қўмитаси вакилининг таъкидлашича, аксарият хорижий мамлакатларда солиққа тортишнинг прогрессив шкаласи қўлланади.
“Ўйлайманки, вақт ўтиб, тизим тўлиқ шаклланиб бўлганидан сўнг, солиққа тортишнинг прогрессив шкаласига ўтиш ҳақида ўйлашимиз мумкин”, – деган Тимур Исмоилов тингловчилар томонидан берилган саволга.
Россия, Қирғизистон ва Озарбойжон солиқ органлари вакиллари ҳам прогрессив солиқ шкаласига ўтишни қўллаб-қувватлаган. Аргументлардан бири сифатида ижтимоий адолатни таъминлаш келтирилган.
“Даромад солиғини ҳисоблашда прогрессив шкалага қайтиш режалаштирилмаган”
Kun.uz Солиқ қўмитаси ахборот хизмати билан боғланиб, “Яқин келажакда Ўзбекистонда яна даромад солиғини ҳисоблашда табақалаштирилган тизимга қайтилиши мумкинми?” деган савол билан юзланди.
“Ўзбекистонда 12 фоизлик қатъий даромад солиғи тўлаш тизимига ўтилгани расмий иш ўринларини кўпайтириб, легализацияга ёрдам берди. Буни олдин ҳам кўп бор айтганмиз. Аммо, прогрессив шкалага ўтиш борасида ҳали Солиқ қўмитасида ҳеч қанақа режа йўқ”, дейди қўмита ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова.
Унинг қўшимча қилишича, Тимур Исмоилов тингловчилар томонидан берилган саволга ўзининг шахсий фикрини билдирган.
Прогрессив солиқ тизими нима?
Прогрессив солиқ тизими – даромад миқдорининг ортиб бориши билан солиқ ставкасининг ҳам ошиб боришига асосланган. Яъни қанча кўп даромад олинса, солиқ ставкаси ҳам шунча баландроқ бўлади.
Масалан, АҚШда даромад солиғи қатъий белгиланган ставкага эга эмас. Тўловлар одамларнинг даромад миқдори ва оилавий аҳволига бевосита боғлиқ. Минимал солиқ ставкаси 10 фоиз бўлиб, йиллик даромади 11 минг долларгача бўлганлар учун қўлланади. Максимал ставка – 37 фоиз. Йилига 578 минг доллардан ортиқ пул топадиганлар шунча миқдорда даромад солиғи тўлаши керак. Ўртача иш ҳақи оладиган одамлар эса ўз даромадининг 22 фоизи миқдорида солиқ тўлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам 2019 йилгача жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортиш бўйича 7,5 фоиздан 22,5 фоизгача бўлган табақалаштирилган тизим амал қилган. Айни пайтда ҳамма бир хил – 12 фоиздан даромад солиғи тўлайди.
Мавзуга оид
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
08:50 / 20.09.2024
Солиқ қўмитаси икки банкни жавобгарлик чоралари тўғрисида огоҳлантирди
19:46 / 19.09.2024
Жамоат транспорти учун ҚҚС имтиёзи бекор қилинади
20:38 / 14.09.2024