Иқтисодиёт | 19:56 / 31.05.2024
8645
4 дақиқада ўқилади

“Бино қуриб сотиш носоғлом банк фаолияти ҳисобланади” — эксперт

Давлатнинг учта банки Toshkent city'да сотувга қўйилган баланд-баланд биноларини камида 340 млн доллар сарфлаб, ташқи кредитлар ҳисобидан қурган бўлиши мумкин. Аввалроқ СҚБ (бу йил хусусийлаштирилиши керак) Яшнободда 21 қаватли бино қурмоқчи экани маълум бўлганди. Давлат банклари Янги Тошкентда ҳам бинолар қуриши айтилмоқда.

Фото: Uldis Laganovskis / Freepik

Давлатга қарашли Асакабанк, Саноатқурилишбанк ва Алоқабанкнинг Tashkent city'даги баланд кўпқаватли бинолари (бизнес марказлар) сотувга қўйилди.

Аввалроқ СҚБ ўзининг Яшнобод тумани филиали ўрнида 21 қаватли бино қуриши ҳақида хабар берилганди. Давлат банклари, шунингдек, Янги Тошкентда ҳам бинолар қуриши мумкинлиги айтилмоқда.

“Носоғлом банк фаолияти”

Банк-молия соҳаси эксперти Отабек Бакировга кўра, бино қуриб сотиш носоғлом банк фаолияти ҳисобланади, шу сабабли бу борадаги вазиятга Марказий банкнинг регулятив аралашуви зарур.

“Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанк Tashkent City'да 5 йил давомида қуриб, тугатай деб қолган янги бинолари инвесторларга сотилади. Банк акциядорлари, кенгаши ва бошқаруви бинолар нима учун қурилди ва битай деганда нима учун сотиляпти, бу жараённинг иқтисодий, молиявий манфаати ва афзаллиги нимадан иборат бўлди, деган саволга жавоб бера олмаслиги аниқ.

Лекин бу саволга ҳеч бўлмаса, Марказий банк аниқлик киритиши керак. Чунки бино қуриб сотиш банкларнинг вазифаси эмас, носоғлом банк фаолияти ҳисобланади. Марказий банкнинг регулятор сифатида қилиши керак бўлган ишларнинг бири айнан банкларни кредитор, депозитор ва омонатчилар манфааатларига хавф соладиган операциялардан тийишдан иборат”, – дея ёзди Бакиров ўз Telegram-каналида.

Нега Давактив?

Мутахассис биноларни сотиш банкларнинг ўзига эмас, амалга ошираётган хусусийлаштириш жараёнлари бўйича қатор саволлар уйғотаётган Давлат активларини бошқариш агентлигига топширилганига эътибор қаратди. У Халқ банки куни кеча ўзининг собиқ бош офисини мустақил тарзда онлайн аукционда сотганини мисол қилиб келтирди.

Давактив ўз эълонида билдиришича, агентлик исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан ҳар қандай потенциал харидор билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

“Toshkent City'даги бинолар Хитойнинг қиммат кредитлари ҳисобига қурилган”

Отабек Бакиров, ўзидаги маълумотларга таяниб, Toshkent City'даги биноларни банклар ўз маблағлари ҳисобидан қурмаганини айтди.

“Ҳар учала бино Хитой банкларининг ва банклар консорциумининг жуда қиммат кредитлари ҳисобига бунёд этилган, хитойлик пудратчилар томонидан ўзбекистонликларни аралаштирмай қурилган. Ҳар бир бино учун олинган кредитлар 100 млн доллардан 140 млн долларгача. Тўланган фоизлар, комиссиялар, лойиҳаларнинг тайёрлаш қиймати билан биноларнинг таннархи 26 қаватлисиники 150 млн доллардан, 33 қаватлиси 200 млн долларгача ошган бўлиши табиий.

Кўрамиз, Давактив қанчага сотиб бераркин”, – дейди у.

Bankers.uz нашрининг эътибор қаратишича, 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида Ўзсаноатқурилишбанк биносининг лойиҳа қиймати 137 млн доллар дея кўрсатилган. Бироқ 2023 йилнинг 30 ноябрида банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қурилиш қийматини ошириш ва муддатини узайтириш масаласи кун тартибига қўйилган ва тасдиқланган. Бино қиймати қанчага оширилгани бўйича маълум қилинмаган.

Худди шу дастурда Алоқабанк биносининг лойиҳа қиймати 100 млн доллар, Асакабанк биноси лойиҳа қиймати эса 102 млн долларга баҳоланган.

СҚБ йил охиригача хусусийлаштирилиши керак

Марказий банк матбуот хизмати, Kun.uz сўровига жавобан, банклар биноси сотилиши юзасидан изоҳ бермаслигини билдириб, банклар ўзларининг балансидаги мулкка ўзлари изоҳ бергани маъқул эканини таъкидлади. Учала банк ва Давактив агентлиги саволларни жавобсиз қолдирди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири бўлмиш СҚБ 2024 йил охирига қадар хусусийлаштирилиши белгиланган. Бунда банкнинг қарзлари акцияларга алмаштирилиб, кредиторлар (халқаро молия ташкилотлари) банк акциядорлари айланиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид