Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
2026 йилнинг 12–17 апрел кунлари Тошкент илк бор таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги 15-жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Дунё биринчилигида 115 та мамлакатдан 1500 нафардан зиёд спортчи ва мураббий иштирок этиши кутилмоқда. Таэквондо усталари 20 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Тошкентда илк бор таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги 15-жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақа олдидан 10 апрел куни катта матбуот анжумани ўтказилди. Унда иштирок этган Kun.uz мухбири Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Шерзод Тошматовдан мусобақанинг аҳамияти ва унга кўрилган тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўради.
— Шерзод ака, мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳақида гапириб берсангиз.
— Бу мусобақа бизда илк маротаба ўтказиляпти. Хабарингиз бор, кўплаб жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтади, лекин 115 та давлат қатнашаётган бундай йирик турнир айнан таэквондо бўйича биринчи марта ўтказилмоқда. Биз иштирокчиларни илк бор Олимпия шаҳарчасида қабул қиламиз. Барча тайёргарликни кўрганмиз ва бу борада Халқаро федерацияни ишонтирганмиз. Янги Ўзбекистонда бир нечта йирик чемпионатларни ўтказганимиздан сўнг, таэквондо мусобақаси ҳам ўз нуфузига эга бўлади.
— 986 нафар спортчи бу жуда катта кўрсаткич, шундайми?
— Ҳа, бу жуда катта рақобат. Охирги марта Жанубий Кореяда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 570 нафар спортчи иштирок этган эди. Ҳозир эса 986 та. Бу шу спорт тури дунёда ривожланиб келаётганини англатади. Ўзбекистондаги чемпионат жуда рақобатли бўлади. Ўйлайманки, бизнинг спортчиларимиз бунга тайёр. Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси томонидан ҳамма шароитлар яратилди. Барча халқаро ва маҳаллий ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Ли Константин бошчилигида асосий терма жамоа саралаб олинди ва уларга шахсий мураббийлар ҳам бириктирилди. Бу пухта тайёргарликка катта пойдевор бўлади.
— Мусобақа жараёнида янги технологиялар, масалан, VAR ёки электрон тизимлар қўлланадими?
— Албатта. Халқаро таэквондо WT федерацияси томонидан доимий ўзгаришлар киритилмоқда. Бу янгиликлар ҳакамлар хатосини камайтириш ва спорт турини мукаммаллаштиришга хизмат қилади. Бош қисмига бериладиган зарбалар ва VAR тизими бўйича мукаммалроқ тизим яратиляпти. Бу жаҳон чемпионатидаги ўзгаришлар Лос-Анжелес олимпиадасига ҳам тайёргарлик вазифасини ўтайди.
— Трансляция ва мухлисларнинг кириши масаласи қандай бўлади?
— Трансляция бўйича Халқаро федерация мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Дунё бўйлаб 200 дан зиёд давлатга тўғридан тўғри узатиш режалаштирилган. Шунингдек, «Sport» каналида ҳам трансляция бўлади. Мухлисларга келсак, Тошкент кўчаларида роликлар жойлаштирилган. Кириш мутлақо бепул, барча фуқароларимиз ва мухлисларимиз келиб, спортчиларимизни қўллаб-қувватлашлари мумкин.
Шу ўринда Kun.uz мухбири мусобақа иштирокчиси, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси Омадбек Отабековга ҳам юзланди:
— Омадбек, қайси мамлакатларни фаворит деб ҳисоблайсиз? Бизнинг спортчиларимиз-чи?
— Корея, Қозоғистон ва Эрон давлатларини фаворит деб ҳисоблайман. Албатта, 20 нафар спортчимиз билан Ўзбекистон терма жамоасини ҳам фаворит десак бўлади. Тайёргарликлар аъло даражада. Худо хоҳласа, фахрли биринчи ўринларни олиб келамиз деб ўйлайман.
— Жанг олдидан ўзингизни қандай тайёрлайсиз?
— Жанг олдидан, авваламбор, тренерим ва уйдагиларнинг қўллаб-қувватлаши менга куч беради ва босимни енгишга ёрдам беради.
— Агар медал олсангиз, бу кейинги натижаларингизга қандай таъсир қилади?
— Тўхтаб қолиш йўқ, фақат яхши таъсир қилади. Жаҳон чемпионатини ютсак, кейинги йили катталар тоифасига ўтамиз. Бу мен учун яхши поғона бўлади.
Мавзуга оид
18:50 / 30.04.2026
Тошкент – Хива йўналишида «Жалолиддин Мангуберди» тезюрар поезди қатнови 3 майдан бошланади
19:13 / 29.04.2026
Тошкентда 12 та сунъий кўл ташкил этилади
17:33 / 27.04.2026
Пискентдаги сув таъминоти объектида 14 км қувур талон-торож қилинди
15:30 / 27.04.2026