Ўзбекистон | 18:20 / 20.06.2024
9847
7 дақиқада ўқилади

Давлат техника университетида меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлар қисқартирилади

Шунингдек, 36 та муҳандислик олийгоҳи ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан техника университети бўлади. 

Президент Шавкат Мирзиёев «Инно» инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. 

Йиғилишда 36 та олийгоҳ ректори қатнашди. Олийгоҳлар фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чеклангани, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда камлиги кўрсатиб ўтилди. 

Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар амалга ошмай қолиб кетаётгани қайд этилди. Олийгоҳ билан саноат ўртасида узилиш борлиги қайд этилди, ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмаётгани, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмаётгани, ҳоким ва вазирлар эса ўртада кўприк бўлиб, буни ташкиллаштирмаётгани ҳақида қатъий эътироз билдирилди. 

Қайд қилинишича, техника олийгоҳларида йўналиш ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабларига мос эмас. Масалан, Давлат техника университетидаги 76 та бакалавр йўналишидан 45 таси, 73 та магистратура мутахассислигидан 51 таси бугунги кунда етакчи хорижий техника олийгоҳларида ўқитилмайди. Оқибатда муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишида ишламаяпти. 

Бу йил муҳандислик олийгоҳларини «енгил саноат конструкцияси» йўналишида Бухорода – 86 нафар, Жиззахда – 117 нафар, Сурхондарёда – 56 нафар, Фарғонада – 126 нафар, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 153 нафар талаба битирмоқда. Ҳокимлар ўз ҳудудида аниқ мутахассисга шунча эҳтиёж бўла туриб, ректорлар билан ишламаётгани, олийгоҳларга буюртма бермаётгани танқид қилинди. 

Бугунги кунда бутун дунёда саноатда таннархни камайтириш масаласи жуда долзарб. Хорижий олийгоҳларда “таннарх муҳандислиги” (кост инжиниринг) деган фан бор, ҳатто кадрлар тайёрланади. Ёки, “қиёслаш муҳандислиги” (бенчмаркинг) орқали энг яхши амалиёт ва ютуқлар таҳлил қилиниб, улардан андоза олиб, ишлаб чиқаришда жорий қилиш ўргатилади. “Қайта муҳандислик” (реверсив инжиниринг) тайёр маҳсулотни олиб, ишлаш механизмини бўлакларга бўлиб, муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда, ўхшаш маҳсулот яратишни ўргатади. Президент бирорта техника олийгоҳида буларга ўқитиш йўлга қўйилмаганини афсус билан қайд этди. 

Оқибатда маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур. 

Охирги етти йилда олий таълим қамрови 5 баробар, яъни 9 фоиздан 42 фоизга ошгани билан ёшларнинг муҳандислик-техникага қизиқиши жуда пастлиги қайд этилди. 2023 йил сўровномасида атиги 8 фоиз мактаб битирувчиси шу соҳани танлаган. 

Кўпгина профессор-ўқитувчилар амалиётдан узилиб қолган. Муҳандислик бўйича 9 минг 600 нафар профессор-ўқитувчининг 40 фоизи сўнгги 5 йилда малака оширмаган. 

Айрим институтлардаги ўқитувчиларнинг юкламаси хорижга нисбатан 2 карра кўп. Баъзи университетлар илмий лабораторияларидаги ускунанинг 50 фоизи эскирган, қўшимча лаборатория ва замонавий жиҳозларга эҳтиёж мавжуд. 

Таъкидланишича, хорижда олийгоҳлар тажриба ишлаб чиқариш корхоналарини (спин-оф) очиб, давлат ва ишлаб чиқарувчи маблағларини жалб қилади, тадқиқот ўтказади, инновацион маҳсулот яратиб, тижоратлаштиради. Улар 5-7 йил ичида университетдан ажралади ва кичик корхонага айланади. 

Фарғона политехника институти 14 та корхона (спин-оф) очиб, 21 миллиард сўм даромад қилган. Бу йил даромадни 40 миллиард сўмга, келаси йили – 100 миллиард сўмга олиб чиқиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблари бор. 

Энг муҳими, ушбу корхоналар ишчиларининг 90 фоизи олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари. Умуман, жами 12 та олийгоҳда бундай 28 та корхона ташкил қилиниб, улар 47 миллиард сўм даромад олган. Лекин, қолган 24 та олийгоҳ ректорида ҳам, ҳокимларда ҳам бу борада бирорта ташаббус йўқлиги қайд этилди. 

Давлат раҳбари соҳани ривожлантириш учун янги ташаббусларни илгари сурди. 

Техника йўналишидаги 36 та олийгоҳда ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнларини илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгартириш зарурлиги таъкидланди. 

Масалан, Давлат техника университетида меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликларни қисқартириш, кафедраларни бирлаштириш мумкин. Университет тўлиқ дуал таълим тизимига ўтади. Фанлар камида 30 фоизга қисқаради. 

Олийгоҳдаги таълим Дрезден техника университети (Германия) ва Цукуба университети (Япония) дастурларига мослаштирилади. 

Университетда деканатларни талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлашади. Хориждаги каби “Регистратор офиси” ташкил қилинади. 

Тошкент кимё технологиялари институтида бакалавриат ва магистратура йўналишларини мақбуллаштириб, 8 та янги йўналиш ва мутахассислик киритилади. Ҳар йили иқтисод бўладиган маблағ институтни моддий-техника базасини кучайтиришга сарфланади. 

Шунингдек, 36 та муҳандислик олийгоҳи ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан техника университети бўлади. 

Шунингдек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади. 

Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди. Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади. 

Шунингдек, тармоқ вазирлик ва корхоналар тизимида 32 та тармоқ кенгашлари ташкил қилинади. Улар олийгоҳлар билан техника соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва буюртмачи бўлади. 

Биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилади. Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. 

Биринчи йилда талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. 

Иккинчи йилда янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади. 

Корхоналар “Олий муҳандислик мактаби”да лаборатория очиш ва жиҳозлаш учун маблағ йўналтирса, бу харажатлар корхонанинг фойда солиғи базасидан чегириб ташланади. Давлат ҳам бюджетдан шунча маблағ ажратади. 

Президент энди олийгоҳларнинг тажриба ишлаб чиқариш корхоналари мақоми қонун билан мустаҳкамланишини айтди. Уларга IT-парк резидентларига қўлланилаётган имтиёзлар берилади. Шуъба корхонаси ишчиларининг камида 60 фоизи докторант ва талабалардан иборат бўлади. 

Келгуси йилдан техника йўналишидаги лойиҳаларга давлат грантлари 4 карра оширилади. 

Корхонага олийгоҳ билан ҳамкор ташкилот ҳам таъсисчи бўлишига рухсат берилади. Вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбари илмий ва ишлаб чиқариш лойиҳалари учун олийгоҳларга 10 миллиард сўмгача буюртмани тўғридан-тўғри бериши мумкин бўлади. 

Инвестиция лойиҳалари қийматининг камида ярим фоизини илмий ишларга ажратиш тизими жорий қилинади. 

Мавзуга оид