«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
«Арсенал» йирик ғалабага эришди, аммо жиддий йўқотишга учради. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Испания: «Барса» тахтдан қулади
«Барселона» – «Атлетико» 1:2
Голлар: 1:0 – 30 Педри, 1:1 – 60 Де Паул, 1:2 – 90+6 Серлот
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри, Касадо (Эрик Гарсия, 80), Лопес (Олмо, 64), Гави (Ферран Торрес, 64), Рафиня, Левандовски.
«Атлетико» – Облак, Галан, Лангле, Хименес (Витцел, 52), Лоренте (Ле Норман, 73), Галлахер (Коке, 62), Барриос, Де Паул, Симеоне (Молина, 62), Алварес, Гризманн (Серлот, 73).
Огоҳлантиришлар: Витцел (54), Ле Норман (77), Хименес (90+6).
«Барселона» мавсумнинг муҳим ўйинларидан бирига асосий юлдузи Ламин Ямалсиз чиқди — ўтган мавсумда ва бу мавсумда танаффуссиз ўйнаган 17 ёшли футболчи жароҳат олган ва бир неча ҳафтага сафдан чиққан. Шу туфайли Ҳанс-Дитер Флик Рафиняни ўнг қанотга ўтказди, чапда Фермин Лопес тушди. «Атлетико»да эса кадрлар муаммоси йўқлиги туфайли бошланғич таркибда ҳеч қандай сюрприз йўқ эди.
Симеоне «Атлетико»ни 2011 йилдан буён бошқаради, аммо ўтган шунча вақт давомида унинг жамоаси «Барса»ни барча турнирлар доирасида жами беш мартагина мағлуб этган ва бирор марта Испания чемпионатида кўк-анорранглиларни сафарда енга олмаган.
Биринчи бўлим мезбонларнинг катта устунлиги остида ўтди. «Барса» тўпга кўпроқ эгалик қилиб, рақибни прессинг билан бўғиб ташлади ва ўз дарвозаси атрофида вазиятлар яратилишига йўл қўймади. Ўйин олдидан Симеоне ҳазиломуз қилиб унинг жамоаси «Барселона» офсайд қопқонига тушиб қолмаслик учун, ҳужумга ўтмаслигини айтганди. Биринчи бўлимда пойтахтликлар клуби айнан шу режа бўйича ўйнади. Албатта, «Атлетико» рақиб дарвозаси томон борди, аммо бирор марта зарба бера олмади, лекин уч бор «ўйиндан ташқари ҳолат»га тушди.
20-дақиқада илк баҳсли вазият юзага келди: тўп жарима майдони ичида «Атлетико» бош мураббийининг ўғли Жулиано Симеоненинг қўлига тегди. Бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеа пеналти белгиламади. Видеоҳакамлар билан муҳокамадан кейин ҳаракат қасддан содир этилмаган, деган хулосага келинди.
Ўн дақиқа ўтиб эса «Барса» барибир ўз вазиятидан фойдаланди — Педри Гавидан келган тўпни олис бурчакка йўналтирди. Ёш испаниялик ла лигада сўнгги икки ой ичидаги илк голини нишонлади. У бунгача охирги бор 20 октябр куни, «Севиля» йирик ҳисобда мағлуб этганида (5:1) урганди.
Иккинчи бўлим боши — Хосе Хименес учун ёқимсиз дақиқалар бўлди. Аввалига у дарвозасига хавфли ҳужумга сабабчи бўлди, аммо Фермин Лопес яқин бурчакка йўллаган зарбаси билан Ян Облакни ҳайрон қолдира олмади. Бироз ўтиб уругвайлик ҳимоячи жароҳат туфайли майдонни тарк этди.
Кўп ўтмай мезбонлар иккинчи голга жуда яқин келишди. Педрининг ҳимоячилар ортига узатмаси, Рафинянинг «парашют» услубидаги зарбаси — бу ҳужумда барча ҳаракат чиройли чиқди, аммо гол бўлмади, тўп тўсинга тегиб қайтганида Левандовски уни дарвозага кирита олмади. Афтидан, шу ҳужум меҳмонларни уйғотди. Ўйиннингн 60-дақиқаси ўтиб бораётганида мадридликлар илк бор зарба йўллади ва ҳисобни тенглаштирди. Родриго Де Паул тўпни эгаллаб олиб, идеал зарба йўллади. Бу ҳужумда «Барселона» ҳимоячиси Марк Касадо товони билан тўпни унга ташлаб берганди.
Левандовски яна бир вазиятда бир неча метрдан зарба бера олмади. Ферран Торрес унга идеал узатма берганди, аммо полшалик ҳужумчи қулай вазиятни йўққа чиқарди. «Атлетико» дарҳол жавоб қайтарди — мезбонлар дарвозабони Иняки Пеня Пабло Барриоснинг яқин бурчакка зарбасини оёқлари билан қайтарди.
«Барса» ўйин охирида босимни кучайтирди, аммо Облак суперқаҳрамон режимини ёқди. Словениялик Рафинянинг яқин масофадан йўллаган зарбасини тўсди, Педрининг зарбасидан кейин тўпни бурчакка чиқариб юборди. Барчаси дуранг натижага қараб кетаётганида эса «Атлетико» қарши ҳужумда рақибни жазолади, захирадан тушган Александр Сёрлот қўшимча дақиқаларга қўшиб берилган дақиқада тўпга бир тегинишда Пеняни доғда қолдирди. Мезбонлар xG бўйича 2,54 кўрсаткичидан битта гол уришди, «Атлетико»да – 0,63 xG, аммо уч очкони меҳмонлар олиб кетишди. Вазиятлардан фойдаланишда оқсаётган «Барса» «Лас-Палмас» ва «Леганес»дан кейин қаторасига учинчи уй учрашувида ҳам мағлубиятга учради. «Барса» ла лигада сўнгги 7 ўйинда 5 очко тўплади. Бунақаси охирги марта 20 йил аввал — Райкаард даврида кузатилганди.
Барча турнирлар доирасида 12 ғалабага эришган «Атлетико» ла лига турнир жадвалида пешқадамга айланиб олди. Диего Симеоне тўрт йил олдин, пандемиядан кейинги мавсумда икки асосий рақибнинг муаммоларидан фойдаланиб чемпион бўлиб кетганди, бу мавсумда ҳам рақибларда юзага келган инқирозли даврдан фойдаланиб қолиш имконияти бор. Ҳозирча мадридликлар 2025 йилга қадар биринчи ўринда қолади, кейинги тур январда бўлиб ўтади.
Англия: «Сити»нинг даҳшатли туши давом этади
«Астон Вилла» – «Манчестер Сити» 2:1
Голлар: 1:0 – 16 Дуран, 2:0 – 65 Рожерс, 90 Фоден.
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин, Пау Торрес, Конса, Кэш, Онана, Камара, Роджерс (Буэндиа, 90+1), Тилеманс, Макгинн, Дуран (Уоткинс, 80).
«Манчестер Сити» – Ортега, Гвардиол, Стоунз (Уокер, 46), Аканжи, Люис, Ковачич (Доку, 84), Гундўған (Савио, 73), Грилиш, Фоден, Бернарду Силва, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Кэш (37), Мартинес (45+2), Люис (47), Гвардиол (84), Грилиш (87), Макгинн (90+4).
«Манчестер Сити» ҳамон нурсиз ва зерикарли ўйин намойиш этмоқда, амалдаги чемпионлар яна биринчи бўлиб гол ўтказиб юбориши ўйин мантиғига мос келди. Бу жамоа жорий мавсумда тўққизинчи бор кузатилмоқда ва бу аутсайдерларга хос бўлган кўрсаткичдир. Бундан ёмонроқ кўрсаткич (12 марта) фақат «Саутҳемптон», «Лестер» ва «Вулверҳэмптон» каби турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган жамоалар томонидан қайд этилган. «Вилла» дебютдаёқ тезкор гол уриши мумкин эди, аммо Ортега тўпни чизиқ устидан қайтариб юбориб, таблода ноллар сақланиб қолинишини таъминлади. Аммо Тилеманс прессингдан ажойиб чиқиб кетиб, Роджерсни олдинга ташлаганида ва у яккама-якка вазиятда қолган Дуранни тўп билан таъминлаганида дарвозабон ожиз эди.
Ҳоланд эса биринчи бўлим давомида рақиб жарима майдони ичида бирор марта тўп билан муомила қила олмади. Ва танаффусдан кейин ҳам меҳмонлар ўйинида кескинлик кўзга ташланмади. Дураннинг иккинчи голи офсайд туфайли бекор қилинди, аммо Роджерс барибир ўзи ўйинни ҳал қилди. У тўпни майдоннинг иккинчи қисмида эгаллаб, рейд амалга оширди ва Макгинн билан девор услубида ўйнаб, тўпни бурчакка йўналтирди. Фоден ўйинга қўшиб берилган учинчи дақиқада урган жавоб голи эса ҳеч нарсани ўзгартирмади. Хосеп Гвардиола нохуш рақамларни янгилашда давом этмоқда: «шаҳарликлар» сўнгги ўн икки учрашувидан тўққизтасида ютқазган, иккитасида дуранг ўйнаган, тўплар нисбати – 14:27. Бу сериядан олдинги шунча мағлубият 106 ўйинда рўй берганди. Жамоа тўпурари Эрлинг Ҳоланд АПЛдаги охирги 12 ўйинда атиги учта гол урган. Энди «Сити» олтинчи ўринга тушиб кетди ва якшанба кунги ўйинлардан кейин янада пастга қулаши мумкин. Йил охиригача яна иккита ўйин қолди: уйда «Эвертон» билан, кейин «Лестер» майдонида.
«Кристал Пэлас» – «Арсенал» 1:5
Голлар: 0:1 – 6 Габриэл Жезус, 1:1 – 11 Сарр, 1:2 – 14 Габриэл Жезус, 1:3 – 38 Ҳавертц, 1:4 – 60 Мартинелли, 1:5 – 84.
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Геҳи, Лакруа, Ричардс, Камада (Нкетиа, 61), Сарр, Митчелл, Лерма (Дукуре, 68), Ҳюз (Девенни, 69), Клайн (Кпорха, 81), Матета (Шлупп, 81).
«Арсенал» – Райя, Габриэл, Салиба, Люис-Скелли (Калафиори, 58), Тимбер, Ҳавертц (Райс, 58), Парти, Эдегор, Мартинелли, Габриэл Жезус, Сака (Троссар, 24).
Огоҳлантиришлар: Габриэл (31), Тимбер (36), Геҳи (64), Клайн (79).
Чоршанба куни бу жамоалар Англия лигаси кубоги чоракфиналида тўқнашган ва ўша учрашув Габриэл Жезуснинг қайтиши бўлганди. Йил бошидан буён фаолиятидаги энг мураккаб даврни бошдан кечирган бразилиялик шу вақтгача атиги икки гол урганди, «Кристал Пэлас» билан ўйинда эса у ҳет-трик расмийлаштирди. Микел Артета форвард юқори формага чиққанини ҳис қилди ва у яна бошланғич таркибда тушиб, ўз бенефисини давом эттирди. «Канонирлар» мудофааси ўйин бошида хатоларга йўл қўйди — Жезус эса бу хатоларни ёпиб, 15 дақиқа ичида иккита гол урди.
Икки ҳолатда ҳам уни рақиб жарима майдонида ҳеч ким қўриқламади ва ўзига келиб қолган тўпни дарвоза тўрига йўллади. Танаффусга қадар Жезус яна ҳет-трикни нишонлаши мумкин эди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди, қайтган тўпни эса Ҳаверц дарвозага киритиб юборди. Иккинчи бўлимда Габриэл Мартинелли Райснинг зарбасига оёқ қўйиб ҳисобни йириклаштирган ҳужум аввалида ҳам у хавфли зарба йўллади, аммо дарвозабон ўзини кўрсатди. Бундай футболи билан у кейинги ўйинларда ҳам бошланғич таркибдан жой олади.
Ўйин охирида Райс мавсумдаги илк голини уриб, ҳисобни ҳоккейча кўринишга келтирди, энди «Арсенал» турнир жадвалида «Ливерпул» билан орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди.
Аммо «Арсенал» мухлисларига бу йирик ғалаба татимади — Сака жиддий жароҳат олди. Жамоанинг энг асосий футболчиларидан бири биринчи бўлимдаёқ бел соҳасида кучли оғриқ сезиб, газонга қулади ва Троссарга алмаштирилди. У майдонни шифокорга таяниб тарк этди, ўйиндан кейин эса қўлтиқтаёқда кўриниш берди. Одатда бундай жароҳат туфайли футболчилар бир ойгача майдонга туша олмайди.
Италия: «Наполи» яна юқорида
«Женоа» – «Наполи» 1:2
Голлар: 0:1 – 15 Замбо-Ангисса, 0:2 – 23 Ррахмани, 1:2 – 51 Пинамонти.
«Женоа» – Леали, Аарон Мартин, Васкес, Бани, Сабелли (Нортон-Каффи, 79), Френдруп, Бадел (Торсбю, 70), Витиня (Экубан, 70), Дзаноли, Миретти (Балотелли, 83), Пинамонти.
«Наполи» – Мерет, Оливера, Жезус, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка, Замбо-Ангисса, Нерес (Кварацхелия, 73), Лукаку (Симеоне, 73), Политано (Спинаццола, 87).
Огоҳлантиришлар: Жезус (32), Сабелли (62), Френдруп (84).
Яқинда эгаси ўзгарган ва Патрик Вийера бош мураббийликка тайинланганидан буён ютқазмаётган «Женоа» ўтган турда «Милан»нинг юбилейини бузганди (0:0). Аммо бу мавсумда уйида бирор марта ғалаба қозона олмаган «грифонлар» «Наполи» билан ўйиннинг биринчи бўлимида кучли рақибга қаршилик кўрсата олмади. Неаполитанликларнинг илк хавфли ҳужумида Лукакунинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди, кейин эса бўлим ўрталаригача икки гол урилди.
Икки гол ҳам «иккинчи қават»дан ҳужум қилиш эвазига юзага келди. Биринчи ҳолатда Давид Нереснинг юриши Замбо-Ангиссага юмшоқ узатма оширилиши билан якунланди. Иккинчи голда Ррахмани Лоботканинг жарима нуқтасидан оширган тўпнини қайтариб бўлмас траекторияда дарвоза тўрига жойлади. Генуяликлар таслим бўлгандек кўринганди, аммо улар иккинчи бўлимни кучли ўтказишди. Пинамонтининг бир зарбасини Мерет қайтаришга эришди, аммо мезбонларнинг энг яхши тўпурари иккинчи уринишда барибир ҳисобни қисқартирди. Бу вазиятда «Наполи» мудофаасида жароҳат олган Бонджорно ўрнида ўйнаётган Жуан Жезус ишончсиз ҳаракат қилди. Ўйин охири Антонио Конте учун асаббузарликка айланиб кетди, фақат устун ва Меретнинг сейви ғалабали ҳисобни сақлаб қолди. Дарвозабон Балотеллининг айлантириб йўлланган мураккаб зарбасини қайтарди, энди жанубликлар камида якшанба кунги ўйинлар якунигача биринчи ўринга чиқиб олди.
Германия: Шик ва Вирцни тўхтатиб бўлмади
«Айнтрахт» Ф – «Майнц» 1:3
Голлар: 0:1 – 15, автогол Сантос, 0:2 – 27 Небел, 0:3 – 58 Небел, 1:3 – 75 Кристенсен.
«Айнтрахт» Ф – Сантос, Теате, Кох, Кристенсен, Браун, Шаиби (Кнауфф, 60), Схири (Ларссон, 46), Ҳойлунд (Баойя, 61), Коллинз (Узун, 46), Мармуш, Экитик (Матанович, 61).
«Майнц» – Центнер, Белл (Йенц, 86), да Кошта, Кор, Ли Жэ Сон (Хон Хен Сок, 76), Небел, Мвене, Амири, Сано, Каси (Видмер, 76), Зиб (Ферачниг, 58).
Огоҳлантиришлар: Мвене (11), Баойя (64).
Четлатиш: Амири (21).
«Майнц» ўтган турда «Бавария»ни бундеслиганинг бу мавсумида мағлуб этган илк жамоага айланганди. Энди Бо Хенриксен жамоаси учинчи ўринда бораётган «Айнтрахт»га муаммолар туғдирди. Биринчи голда аввалига дарвозабон шеригига ёмон пас бериб, хатога йўл қўйди, тўп дарвозага йўл олганида кулгили автоголга муаллифлик қилди. «Бургутлар»нинг асосий дарвозабони Трапп йўқлиги дарҳол билина бошлади, Кауа Сантос дебютини муваффақиятсиз ўтказди.
Иккинчи гол ўтказилганида бразилиялик дарвозабон Небелнинг кичик рикошет билан келган, лекин у қадар кучли бўлмаган зарбаси қаршисида ожиз қолди. «Майнц» дастлабки 45 дақиқаликда биргина зарба берганига (кутилган голлар кўрсаткичи 0,11 xG) ва 21-дақиқада сардори Амири қизил карточка олиб, бир киши кам бўлиб ўйнаганига қарамай, бўлимни икки гол фарқи билан якунлади. Меҳмонлар мудофаада ишончли ҳаракатланишди, қолаверса, мезбонларнинг асосий тўпурари Мармуш биринчи бўлимнинг ўзида икки бор қулай имкониятдан фойдалана олмади.
Танаффусдан кейин яна бир юз фоизлик имконият кўкка совурилди, «Айнтрахт» футболчиси бир неча метр масофадан туриб тўпни газонда ётган дарвозабонга топширди. Кўп ўтмай «Майнц» дарвозабоннинг яна бир кулгили хатосидан фойдаланиб, учинчи голни урди ва еврокубокларга йўлланма берувчи зонага мустаҳкам жойлашиб олди. «Бургутлар» эса учинчи ўринда қолди ва жума куни «Лейпциг»ни йирик ҳисобда тор-мор этиб (5:1), турни очиб берган «Бавария» билан орадаги фарқ етти очкони ташкил этмоқда.
«Байер» – «Фрайбург» 5:1
Голлар: 1:0 – 45+1 Шик, 2:0 – 51 Виртц, 2:1 – 55 Грифо, 3:1 – 67 Шик, 4:1 – 74 Шик, 5:1 – 77 Шик.
«Байер» – Градецки, Инкапиэ (Белосян, 83), Та, Тапсоба, Виртц, Телла (Тере, 69), Грималдо (Мукиеле, 80), Чака, Паласиос, Фримпонг (Артур, 80), Шик (Алеиш Гарсия, 80).
«Фрайбург» – Атуболу, Гюнтер, Линҳарт, Гинтер, Кюблер (Розенфелдер, 75), Эггештайн (Ҳефлер, 85), Остерҳаге (Силдийя, 75), Грифо, Ҳелер, Доан (Рел, 58), Грегорич (Адаму, 75).
Огоҳлантиришлар: Кюблер (24), Шик (77), Рел (90+1).
Энди турнир жадвали пешқадамининг асосий таъқибчиси — «Байер». Амалдаги чемпионлар «Бавария»дан тўрт очкога ортда қолмоқда ва шанба куни Вирц пеналтидан фойдалана олмаганидан кейин ҳам руҳини туширмади. Леверкузенликларнинг асосий юлдузи ҳақиқий шоу намойиш этиб, ўзи ўйиндан гол урди ва Шикка уч бор ассистентлик қилди. Иккинчи бўлим бошида «Фрайбург» ҳисобни қисқартириб, ўйинга қайтди ва тезда ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди, аммо Грифонинг зарбаси тўсиндан қайтди, «Байер» эса қарши ҳужумни намунали тарзда амалга оширди. Фримпонгдан тўпни қабул қилиб олган Вирц худди машғулотлардаги каби енгил ҳаракат билан тўпни Шикнинг бошига қўндириб берди. Чехиялик ҳужумчи эса ҳет-трик билан кифояланмади ва покерни расмийлаштирди. Бу сафар Вирцнинг ёрдамига ҳожат қолмади, ассистент ролини Грималдо бажариб берди. Бонифасенинг жароҳатидан фойдаланиб, асосий таркибга қайтган Шик қаторасига тўртинчи ўйинни голли ҳаракатсиз тарк этмаяпти.
Мавзуга оид
11:47 / 02.01.2025
«Арсенал» йилни ёрқин камбэк билан бошлаб, ўйин тақдирини уч дақиқада ҳал қилди
11:45 / 27.12.2024
Ҳоланд пеналтидан ҳам гол уролмади, «Челси» камбэк қурбони. АПЛда Boxing day
19:35 / 23.12.2024
«Сити»даги инқироз. Нималар бўлмоқда ва нима қилиш керак?
12:33 / 23.12.2024