Ўзбекистон | 21:50 / 08.11.2017
83471
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда интернет ишламай қолганига ким айбдор?

7 ноябрь куни Ўзбекистонда бир муддат интернет узилиши юз берди. «O‘zbеktеlеkom»​ АК ушбу ҳодиса юзасидан батафсил баёнот бермади. Аммо фойдаланувчиларни бир ҳодиса чўчитиб қўйди, яъни телекомуникацион монополист -  «O‘zbеktеlеkom»​ ҳар қандай дамда улкан зиёнга сабабчи бўлиши мумкин.

Компания мобил алоқа операторлари ҳамда провайдерларига каналларни ижарага бериш, овозли алоқа ва маълумотлар узатиш барча хизмат турларини тақдим этишдан ташқари, интернетга уланиш хизматини ҳам тақдим этади. Бундай хизмат Ўзбекистон бўйлаб фақат «O‘zbеktеlеkom»​ АК томонидан тақдим этилади. 

Интернет тармоғи ва «O‘zbеktеlеkom»​ АК маълумотлар узатиш тармоғига уланиш компаниянинг филиаллари томонидан xDSL ва ​RadioEthernet​ технологиялари ҳамда коммутацияли уланишдан фойдаланиб, ажратилган линиялар бўйича амалга оширилади. Маҳаллий бозорда компаниянинг хизматлари учта —  UZTELEСOM™, UZMOBILE™ ва​ UZONLINE™​ суббрендлари (савдо белгилар) остида кўрсатилади.

Юқорида зикр этилган омиллар айнан 7 ноябрь куни интернет узилиши, жумладан, интернет тезлигининг бир неча йиллардан буён паст эканлигини қисман тушунтириб бера олади. Масаланинг моҳияти шундаки, юқори ва сифатли интернет тезлиги оптик толали тармоқнинг яратилишига боғлиқ. Бугунги кунда ОТТда 1 км масофада линия ўтказиш 20 минг АҚШ доллардан қиммат туради. Ўзбекистонга етказиб берилаётган интернет алоқаси рус компаниялари томонидан тақдим этилган «Казахтелеком» АЖ стикларидан ўтади. Шунингдек, ушбу нуқтадан Қирғизистон ҳам фойдаланади. Шунинг учун ушбу вазифани бажариш йирик маблағни талаб қилиши табиий, аммо хорижий сармояни жалб этиш йўли билан ҳатто сунъий йўлдошга эга бўлган давлатлар мавжуд. Биз нари борса, ўзимизнинг тармоқ йўлимизга эга бўлсак, кифоя!

1995 йил Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорида «​Алоқа вазирлиги ва «Ўзелтехсаноат» уюшмасининг «Сименс» акционерлик жамияти, DАЕWОО​ компанияси ва бошқалар иштирокида юқори технологик алоқа асбоб-ускуналари ва толали-оптик кабель ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик»​ берилиши белгиланганди. Шунингдек, ўша қарорда «давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, сотиб олиш ва ижарага бериш мумкин бўлмаган алоқа корхоналари турлари ҳамда гуруҳлари бўйича чеклашларни бекор қилишга оид таклифлар» киритилиши сўралган.

Қарийб йигирма йилдан ортиқ давр ўтибдики, масъул вазирлик АКТ соҳасида фойдаланувчиларга яхши шароитни яратиб бера олмайди, йўқса, хизмат ҳақи жаҳон мамлакатлари билан солиштирганда унчалик арзон эмас. Яна бир бор 7 ноябрдаги воқеани эслаб, хулоса қилинса, телекоммуникацион монополия мутасадди органларнинг кутилмаган авария ҳолатларига тайёр эмаслигини исботлаб берди. Қолаверса, сифат ва нарх сиёсатини ҳам ўйлаб, янги ислоҳотга қўл уриш керакмикан?!

Мавзуга оид