TECH | 15:28 / 10.12.2025
2097
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Higgsfield AI асосчиси Алекс Машрабовнинг маърузаси бўлиб ўтади

Маъруза мавзуси – генератив сунъий интеллект истиқболлари ва Марказий Осиёнинг бу соҳадаги салоҳияти бўлади.

Фото: pivot.uz

Сунъий интеллект асосида видеороликлар яратиш билан шуғулланувчи Higgsfield AI стартапи асосчиси Алекс Машрабов Тошкентда маъруза ўтказади.

Маросим ALPHA Education маркази, «Янги Ўзбекистон» университети ва Stanbase ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Учрашувнинг асосий мавзуси – генератив сунъий интеллект йўналишидаги лойиҳалар ривожи, бу соҳада дунё бўйлаб кузатилаётган тенденциялар ҳамда Марказий Осиёдан глобал бозор салоҳиятига эга стартаплар бўлади.

Маърузада минтақада қиймати 10 млрд доллардан ортиқ бўлган бўлажак декакорн стартап пайдо бўлиши истиқболлари ҳам муҳокама қилинади.

Машрабов асос солган Higgsfield AI стартапи Қозоғистондаги илк «юникорн» корхона бўлиб, охирги ойлар давомида АҚШдаги GenAI стартаплар ичида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Бунгача Машрабов Snap компаниясида генератив сунъий интеллект бўйича директор лавозимида ишлаган.

Учрашув 11 декабр куни «Янги Ўзбекистон» университетининг Тошкент метроси «Ҳамид Олимжон» бекати яқинидаги кампусида бўлиб ўтади. Тадбир соат 17:30 да бошланади.

Иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш мазкур ҳавола орқали амалга оширилади.

Маъруза инглиз тилида ўтказилади. Иштирок бепул, аммо ўринлар сони чекланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид