Жаҳон | 12:20
845
2 дақиқада ўқилади

Воложнинг Nebius компанияси Meta билан 27 млрд долларлик битим тузди

Американинг Meta компанияси келаси беш йил ичида Аркадий Воложга тегишли Nebius Group булутли провайдерининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдалангани учун 27 миллиард долларгача маблағ тўлайди.

Фото: AP

Собиқ «Яндекс» бош директори Аркадий Волож томонидан асос солинган ва сунъий интеллект учун булутли ечимларга ихтисослашган Нидерландиянинг Nebius Group N.V. компанияси Американинг Meta Platforms Inc. ширкати билан СИ лойиҳалари учун инфратузилма етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишув тузди. Бу ҳақда Nebius'нинг 16 март, душанба куни эълон қилинган пресс-релизида хабар берилди.

Беш йилга мўлжалланган келишув доирасида Nebius қиймати 12 миллиард доллар бўлган ажратилган ҳисоблаш қувватларини тақдим этади, улар NVIDIA Vera Rubin платформаси асосида ишлайди. Илк етказиб беришлар 2027 йил бошига режалаштирилган.

Бундан ташқари, Meta беш йиллик давр мобайнида Nebius'нинг янги кластерлардаги келажакдаги ҳисоблаш қувватларининг бир қисмини умумий қиймати 15 миллиард долларгача бўлган миқдорда харид қилиш мажбуриятини олган. Шу билан бирга, Nebius ўз қувватларининг бир қисмини учинчи томон мижозларига сотишни, қолган қисмини эса Марк Цукерберг компанияси учун захирада сақлашни режалаштирмоқда.

Битимнинг умумий қиймати тахминан 27 миллиард долларга тенг. Bloomberg агентлиги таъкидлашича, бу Meta'нинг ҳисоблаш қувватлари бўйича энг йирик шартномаларидан бири ҳисобланади.

«Биз қувватлар тақдим этиш бўйича янги йирик узоқ муддатли шартномаларни таъминлаш доирасида Meta билан муҳим ҳамкорлигимизни кенгайтирганимиздан мамнунмиз», — деди Волож.

Бу янгилик фонида Nebius акциялари душанба куни савдолар олдидан 15 фоизга қимматлади. Компания акцияларининг қиймати сўнгги 12 ой ичида қарийб тўрт баробар ошган. Meta акциялари эса 2,8 фоизга кўтарилди.

2025 йил кузида Nebius Group Microsoft корпорацияси билан қарийб 20 миллиард долларлик беш йиллик шартнома имзолаган, 2026 йил март ойида эса Nvidia билан 2 миллиард долларлик келишув тузган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид