Жаҳон | 08:04 / 29.04.2024
5202
3 дақиқада ўқилади

Фото: Тбилисида намойишчилар полиция билан тўқнашди

«Чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши минглаб кишиларнинг навбатдаги намойиши иштирокчилари ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси митинги учун тайёрланган саҳнани қўриқлаётган полиция ходимлари билан тўқнаш келди. Расмийлар махсус кучларни чақиртирган.

Фото: EPA

Гуржистон пойтахти Тбилисида 29 апрел, душанбага ўтар кечаси парламент биноси ёнида Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуни ўхшаши бўлган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши бўлиб ўтган минглаб кишиларнинг намойишида вазият кескинлашди.

Бир неча юзлаб полициячилар таёқ ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиб, намойишчиларни қўлга олишни бошлади. Расмийлар бу ерга қўшимча махсус кучлар ва полиция кучларини чақиртирмоқчи, деб ёзади «Интерфакс». Намойишчиларни парламент биноси ёнидаги кўчалардан ҳайдаб чиқарган махсус кучлар ўз ҳаракатини тўхтатди, Руставели шоҳкўчасига сув пуркагувчи машина келтирилди, дея аниқлик киритмоқда агентлик. 

Гуржистонда сўнгги бир неча кун ичида мухолифат кучлари парламент томонидан «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари ўтказиб, уни Гуржистон парламентидан чақириб олишни талаб қилмоқда. Қайд этилишича, 28 апрел оқшомида акция Республика майдонида бошланган, у ерда, dpa агентлиги маълумотларига кўра, 20 мингга яқин одам — Гуржистон нодавлат ташкилотлари, мухолифат партиялари аъзолари ва уларнинг позициясини қўллаб-қувватлаган фуқаролар йиғилган. 

Оммавий норозиликларнинг кучайиши сабаблари 

Маълум бўлишича, 29 апрел куни ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси қонунни қўллаб-қувватловчи митинг ўтказишни режалаштирган ва бу мақсадда Гуржистон пойтахтининг марказий кўчаси Руставели шоҳкўчасида саҳна тайёрлаган. Қайд этилишича, ҳозирда у ерда ҳаракатланиш тўсиб қўйилган. Парламент биноси яқинидаги ҳудуд Гуржистон ва Европа Иттифоқи байроқларини ушлаб турган намойишчилар билан тўла. 

Гуржистон Ички ишлар вазирлиги ўз сайтида одамларни қонун билан рухсат этилган йиғилишлар эркинлиги чегарасидан чиқмасликка ва парламент олдида ўрнатилган саҳнани бузмасликка чақирган баёнот эълон қилди. «Ҳар қандай қонунбузарлик полиция томонидан дарҳол бостирилади», дейилади баёнотда.

ЕИ комиссари: Гуржистоннинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонуни ЕИ меъёрларидан узоқ 

Европа Иттифоқи Гуржистон ҳукуматини «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда. Бу ҳақда Европарламент минбарида 23 апрел куни бўлиб ўтган дебатлар чоғида инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич айтди. «Бу қонун лойиҳаси Европа меъёрлари ва қадриятларига тўғри келмаслиги аниқ, агар у қабул қилинса, Гуржистоннинг келажакдаги Европа йўлини хавф остига қўяди», деди Европа комиссари.

Гуржистон парламенти қонун лойиҳасини 17 апрел куни биринчи ўқишда қабул қилди. «Чет эл агентлари» қонунига кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари хорижий манфаатларни олға сурувчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.

Мавзуга оид