Жаҳон | 14:03 / 08.08.2024
4176
2 дақиқада ўқилади

Британияликлар ирқчиликка қарши намойишга чиқди

Саутпортда болаларнинг ўлдирилиши ортидан ўнг экстремистлар келтириб чиқарган тартибсизликларга жавобан минглаб одамлар Британия шаҳарлари кўчаларига чиқиб, ирқчиликка қарши эканликларини айтишди.

Фото: AP / Alberto Pezzali

7 август, чоршанба куни Британиянинг қатор шаҳарларида минглаб одамлар ўнг экстремистлар томонидан Саутпортдаги рақс студиясида болалар ўлдирилиши ортидан бир ҳафтадан бери давом этаётган тартибсизликларга жавобан нафрат ва ирқчиликка қарши намойишга чиқди.

Британиянинг PA ахборот агентлиги Лондон, Брайтон, Шеффилд ва Бристолдаги намойишлар ҳақида хабар берди. Ливерпулда бир неча юз киши қочқинлар марказини радикаллар томонидан эҳтимолий ҳужумдан ҳимоя қилиш учун йиғилди. Бирминҳемда юзлаб одамлар муҳожирларга маслаҳат маркази олдида намойишга чиқди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари содир бўлиши мумкин бўлган навбатдаги тартибсизликка тайёргарлик кўрмоқда. ОАВ хабарларига кўра, полиция ҳужумлар нишони муҳожирларга қочқин мақомини олишда хизмат кўрсатувчи юридик фирмалар ва маслаҳат марказлари бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Лондон полициясига кўра, эҳтимолий тартибсизликларга қарши курашиш учун пойтахтга минглаб қўшимча зобитлар юборилган. Яна 1300 дан ортиқ полициячи керак бўлса, Лондон полиция кучларига қўшилиш учун шай ҳолатга келтирилган.

Ўн йилликдаги энг катта тартибсизликлар

Бошланган тартибсизликлар сўнгги ўн йил ичида мамлакатдаги энг каттаси деб аталяпти. Уларга мигрант оиласидан бўлган 17 ёшли ўсмир томонидан содир этилган жиноят сабаб бўлган. 29 июл куни Саутпорт курорт шаҳрида у кичик мактаб ўқувчилари учун рақс студиясига пичоқ билан ҳужум қилди. Ҳужум натижасида уч қиз ҳалок бўлган, яна саккиз нафар бола пичоқланган, улардан беш нафарининг аҳволи оғир. Болаларга ёрдам беришга шошилган икки ёши катта шахс ҳам оғир жароҳатлар билан шифохонада. Ҳужум қилган шахс қўлга олинди ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Мавзуга оид