BBC журналисти Ибрат Сафонинг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, бу воқеаларда популист сиёсатчиларнинг одамлар ҳиссиётини жунбишга келтирувчи чиқишлари ҳам катта ўринга эга. Шу билан бирга, охирги сайловларда ултраўнгчилар партияси овозлар сони бўйича 3-ўринни олгани аксилмиграция ва миллатчилик кайфияти Британия жамиятида кенг ёйилганини тасдиқлайди.
Буюк Британияда 30 июл куни бошланган намойишлар кенг кўламли зўравонликка айланиб кетди. Ҳаттоки, “Буюк Британия фуқаролик уруши ёқасида” деган фикрлар ҳам бўлди, хўш, қиролликда асл вазият қандай? Kun.uz мавзу юзасидан BBC ўзбек хизмати (bbc.com/uzbek) журналисти Ибрат Сафо билан суҳбатлашди.
— Саутпортдаги ҳужумдан ташқари, Британияда ўта ўнгчилар кайфияти ва зўравонлик кучайишига қандай тизимли омиллар сабаб бўлди?
— Бу воқеанинг вужудга келиши учун асосий туртки Саутпортдаги ҳужум ҳисобланади. Ҳужумни 17 ёшли ўсмир уюштирган. Баъзи манбаларда бу ўсмирни мусулмон мигрант дея нотўғри ахборот тарқатилди, бу фейк кенг тарқалиб кетиши ортидан одамлар орасида “ўтган йили кемада Британияга келган ўсмир мусулмон экан” деган тасаввур пайдо бўлди.
Намойишларга мана шу нарса туртки берди. Лекин умумий вазиятни олиб қарайдиган бўлсак, жорий йилги сайловлардан жамиятда ўта ўнг қанот тарафдорлари етарлича кўплиги маълум бўлди. Янги тузилган, ўта ўнг қанот “Ислоҳот” партияси 14 фоиз овоз олишга муваффақ бўлиб, 5 та депутатини парламентга сайлади. Бу биринчи марта шундай бўляпти.
Партия раҳбари Найжел Фараж депутатликка 8 марта ҳаракат қилган бўлса, саккизинчисида бунинг уддасидан чиққан. Фараж – ўта миллатчи, иммиграцияга қарши ва исломофоб кайфиятдаги одамларнинг ҳиссиётларини жунбишга келтириб, чиқишлар қиладиган, харизматик, популистик сиёсатчи. Кўп йиллардан бери Британия сиёсатида айнан мана шу кун тартибини илгари суриб келади. Мана шу сайловларда маълум бўлдики, 14 фоиз овоз йиға олган бўлса, демак Британияда у билан ҳамфикр одамлар кўп экан.
Саутпортда уч қизнинг ўлими паст оловда қайнаб турган ана шу кайфиятни бирдан аланга олдириб юборди ва бу кўчаларга ҳам ёйилди. Аммо уларнинг мувофиқлашган аниқ бир тизими бор деб айтиб бўлмайди. Чунки у ерда ҳар хил одамлар бор эди. Бош вазир уларни ўнг қанот безорилари деб атади. Намойишларда безорилар билан бирга, иммиграцияга қаршилигини тинч йўл билан изҳор қилишга ҳаракат қилаётган одамлар ҳам бор, кўча болалари ҳам бор. Аммо аниқ бир тизим йўқ уларнинг орасида.














