Жамият | 11:23 / 16.01.2019
8131
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёш олимлар фаолиятидаги муаммо ва ечимларга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида «Ўзбекистонда «Ёш олимлар» фаолиятида муаммо ва ечимлар ёшлар таҳлилида» мавзусида «Ёшлар пресс клуби»нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги «Республика ёш олимлар Кенгаши» нодавлат нотижорат ташкилоти директори Камолиддин Мирзааҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Ёш олимлар» Кенгаши директор ўринбосари Гулсанам Тиллаева, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директор ўринбосари Акбархон Собирхонов, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги Бошқарма бошлиғи – Баҳром Исмоилов ва Интеллектуал мулк агентлиги мутахассиси Шерзод Абдунабиевлар спикер сифатида қатнашди.

Мазкур мулоқотда ёш олимлар фаолиятидаги муаммо ва ечимларни бартараф этиш ва мустақил изланувчиларнинг илмий-назарий ҳамда илмий-амалий тадқиқотларининг натижадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш энг асосийси эса, уларнинг илм-фан ютуқларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

— Амалиётда ишлаб чиқариш субъектидаги муаммоларни улардан келиб чиққан ҳолда кадр тайёрлаш, мана шу назариянинг бозорга хизмат қилиш механизмини қайта кўриб чиқиш масаласи устида иш олиб бориляпти. Шунингдек, Олий таълим муассасаларининг ҳам ўқув билан бирга моддий техник базаси ҳам ўрганиб чиқилди. Ҳаттоки, «3+1» лойиҳаси яъни 3 йил назарий таълим, 1 йил амалий таълим тизимига ўтиш йўли ва амалиёт соатларини кўпайтириш каби бир неча таклифлар берилди. Вилоятларда илм-фан соҳаси бўйича таҳсил олаётган ёшлар амалиёт масаласи юзасидан жуда кўп мурожаат қилишади. Жумладан, талабалар амалиёт объектининг битталиги сабаб янги технологиялар ишлаб чиқарувчи жойларда самарали амалиёт ўташ ташаббусини билдиришади, – дейди «Республика ёш олимлар Кенгаши» нодавлат нотижорат ташкилоти директори Камолиддин Мирзааҳмедов.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасида илм-фан соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимларга берилаётган эътибор, уларнинг фаолиятидаги мавжуд муаммолар ҳамда замонавий илм-фанни пухта ўзлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди. Ёш олимлар билан ишлашда инновацион кластерга ўтиш кераклиги таъкидланди. Чунки бу орқали ихтиро қилинган технологиянинг амалиётга татбиқ этилиши осонлашади. Шунингдек, иштирокчилар томонидан инновацион грантлар ажратилиши билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Бунга жавобан, саноат субъектларининг ҳам, ишлаб чиқариш субъектларининг ҳам инновацион лойиҳаларини жорий этилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

— Таълим муассасалари учун давоматни мониторинг қилувчи электрон тизим, электрон кутубхона, почта хизматининг автоматлаштирилган тизими, шарқшунослик соҳасида ноёб китобларни ўзбек, уйғур ва рус тилларига таржима қилувчи мобил иловалар яратувчиларига муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасининг топширилиши ёш олимларни қўллаб-қувватлашнинг ёрқин намунасидир, – дейди Интеллектуал мулк агентлиги мутахассиси Шерзод Абдунабиев. — 2019 йил 26 апрель - Халқаро интеллектуал мулк кунида ҳам бир қатор ёш олимлар учун махсус гувоҳномаларни тақдим этишни режалаштирганмиз.

Муҳокамада вазирлик, муассаса ва ташкилотлар ўртасида ёш олимлар билан ишлашда ижтимоий ҳамкорликнинг моҳияти билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди.

Бундан ташқари, тадбирда назария ва амалиёт ўртасидаги муаммоларни бартараф этишдаги муҳим механизмларни жорий этиш, Ўзбекистоннинг глобал инновациялар индексида юқори ўринларни эгаллаши учун зарур шароитлар яратишга доир мулоҳазалар ва ёш олимларни қўллаб-қувватлашга доир зарур таклифлар билдирилди.

Мулоқот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Мавзуга оид