Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги,  Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигида Республика миқёсида барча умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олувчи вояга етмаганлар ўртасида «Ёшлар ва қонун» танлови ташкил этилди. Унда 8 минг 973та таълим муассасаларидан жами 1 миллион 987 минг 586 нафар мактаб ўқувчилари қамраб олинди.

Апрель-май ойларида ўтказилган ҳудудий босқичларда ғолибларга танловнинг республика босқичига йўлланмалар тақдим этилганди. 24 июнь куни Тошкентдаги «Ёшлар пресс клуби»да «Ёшлар ва қонун» танловининг республика босқичига старт берилди. Танлов шартлари бўйича Тошкент давлат юридик университети ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида ташкил этилди. Иштирокчилар «Суд мажлислари» модели, «Ҳуқуқий савол-жавоб», «Видеоролик тақдимоти» ҳамда «Ҳуқуқингни англа!» каби 4 шарт асосида  беллашди. 

Ўқувчилар танлов давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, депутатлар фаолияти билан яқиндан танишди. «Ёшлар комиссияси» аъзолари билан учрашувларда самимий мулоқот қилишди.

Танлов натижаларига кўра, Наманган вилоятининг «Шараф» жамоаси 90 балл жамғариб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди.  Самарқанд вилоятининг «Тафаккур» жамоаси 86 балл билан 2-ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикасининг «Фемида» жамоаси эса  85 балл билан 3-ўринга сазовор бўлди. 

Ғолиблар тадбир ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.