Ўзбекистон | 20:14 / 20.09.2023
26229
3 дақиқада ўқилади

Бир ташкилотда бир вақтда икки бошлиқ — ССВ бунга изоҳ беролмаяпти  

“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” директори Мирзоҳид Қодиров ССВ вазирининг буйруғи билан Францияга хизмат сафарига юборилган вақтда марказга 7 ой аввал порахўр деб танқид қилинган Агзам Нортоев директор этиб тайинланади. Бу буйруқни ҳам вазир Иноятов имзолаган. Қизиғи, Мирзоҳид Қодиров ҳали расман лавозимда ва Парижда марказ раҳбари сифатида халқаро ҳужжатларни имзоламоқда.

Мирзоҳид Қодиров ва Агзам Нортоев

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасига Агзам Нортоев директор этиб тайинлангани хабар қилинганди. Тайинлов ортидан ишнинг янги тафсилотлари пайдо бўлди.  

Маълум бўлишича, тайинлов ташкилотнинг амалдаги директори Мирзоҳид Қодиров лавозимдан озод этилмаган ҳолатда, у хизмат сафарига кетганида амалга оширилган. Ва айни дамда мантиқан бир ташкилотга икки шахс директорлик қилмоқда.

Амрилло Иноятов 2023 йилнинг 6 сентябр куни Алишер Шодмонов бошчилигидаги вазирлик делегациясини 17-21 сентябр кунлари Франция давлатига хизмат сафарига юбориш ҳақида буйруқ чиқарган. Мазкур буйруқ билан хизмат сафарига борувчи 15 кишидан иборат делегация таркиби тасдиқланган.

Таркибда вазирлик ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси директори Мирзоҳид Қодиров ҳам бор. Айни пайтда делегация аъзолари Францияда бўлиб турибди.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича,Мирзоҳид Қодиров сафарда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси директори сифатида чет эл ташкилотлари билан ҳамкорлик ҳужжатларини имзоламоқда.

Мирзоҳид Қодиров сафарда юрган бир пайтда Амрилло Иноятовнинг буйруғи билан “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасига Агзам Нортоев директор этиб тайинланган.

Пировардида икки ҳужжатдан бири ҳақиқий бўлмай қолади: ёки Агзам Нортоевни лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ ёкиМирзоҳид Қодиров сафарда имзолаётган халқаро даражадаги ҳужжатлар.

Амрилло Иноятов шу йил феврал ойи бошида ўтказган танқидий йиғилишда ўша пайтда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг махсус рақамли маркировкалашни жорий этиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Агзам Нортоевни порахўрликда айблаганди.

“Референт нархларни шакллантиришда сунъий равишда электрон тизим ишини мураккаблаштириб, тадбиркорлар учун тушунарсиз қилиб олган. Ўзининг рецептини қилиб олган бу ноинсоф. Фармкомпаниялар референт нархларини электрон базага киритишда унга ёрдам учун мурожаат қилганда, фирмалардан бир дори учун 100 доллардан 1000 долларгача пул ундириб келади”, деганди ўшанда вазир Агзам Нортоев ҳақида.

Орадан 7 ой ўтиб эса шу шахс ушбу ташкилотга айнан Иноятовнинг буйруғи билан директор этиб тайинланди.

Kun.uz’нинг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ олишга бўлган уринишлари натижа бермади.

Маълумот учун, Агзам Нортоев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини ҳамда Москва давлат университетини (магистр) тамомлаган. Мутахассислиги – сиёсатшунос. Соҳадаги меҳнат фаолиятини 2020 йил бошлаган. Мирзоҳид Қодиров эса 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаган ва шундан буён ушбу тизимда ишлаб келади.  

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид