Жамият | 13:12 / 14.01.2026
1808
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Жанубий Корея гранти асосида 100 та замонавий «Тез ёрдам» машинаси харид қилинади

Фото: ССВ

Жанубий Кореянинг DK Consultants компанияси Ўзбекистонга 100 та тез тиббий ёрдам автомашинасини етказиб беради. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф.Тошпўлатов бошчилигидаги делегациянинг ушбу мамлакатга ташрифи давомида тегишли келишувга эришилган.

Мулоқотда соғлиқни сақлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинган. 

«Учрашув асносида мамлакатимизда 103 хизматини янада такомиллаштириш мақсадида компания томонидан ажратиладиган грант маблағи ҳисобидан 100 та тез тиббий ёрдам автомашинасини етказиб бериш бўйича қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг меморандум имзоланди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Келишувга кўра, мазкур замонавий русумдаги транспорт воситаларини 2026 йилнинг биринчи ярмида харид қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, мулоқотда Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга олиш ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндикринология илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий даволаш биносини барпо этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.

Учрашувда мезбон томон Ўзбекистон тиббиёти трансформацияси жараёнида фаол қатнашаётганидан мамнунлигини ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид