Ўзбекистон | 16:26 / 17.09.2021
8300
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «ШҲТ – Афғонистон» форматида учрашувлар ўтказиш таклифини билдирди 

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугунги халқаро муносабатларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг роли ошиб бораётганини таъкидлади.

– Ўтган даврда ШҲТ халқаро сиёсатнинг муҳим субъектига айланди, нуфузли халқаро тузилмалар қаторида муносиб ўрин эгаллади. “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида минтақавий шериклик мустаҳкамланиб бормоқда. Янги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги умумий салоҳият ортиб бормоқда, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз кенгаймоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари иштирокчилар эътиборини ШҲТ кун тартибида турган долзарб масалаларга қаратди ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан аниқ таклифларни илгари сурди.

– Бугун барчамиз жаҳонда ва минтақада кескинлик ортиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Пандемиянинг салбий оқибатлари сақланиб қолмоқда. Буларнинг барчаси биздан ташкилотимиз доирасида янада жипслашишимизни ва бир-биримизни қўллаб-қувватлашимизни талаб қилмоқда, – деди президент.

Ўзбекистон етакчиси умумий хавф-хатар ва таҳдидларга ўз вақтида ва биргаликда жавоб қайтариш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ маконида дўстликни мустаҳкамлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан хавотир билдирилди. Мамлакатнинг янги ҳокимияти билан мулоқотни ривожлантиришнинг аниқ принциплари таклиф этилди. Давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламидан сиёсий вакиллар бўлиши, инсон, хусусан, хотин-қизлар ҳамда миллий озчиликлар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши шулар жумласидандир.

Бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш масалаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида президент кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларни жалб қилган ҳолда “ШҲТ – Афғонистон” форматида юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиш таклифини билдирди. Биринчи шундай учрашувни Тошкентда ўтказиш мумкинлиги айтилди.

Мавзуга оид