Ўзбекистон | 12:17 / 04.05.2022
33877
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда сел енгил машинани оқизиб кетди

2022 йил 3 май куни ёғиб ўтган ёмғирлар Сурхондарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида кучли селларни келтириб чиқарди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жумладан, Бойсун туманида ёғган қисқа муддатли кучли ёмғир оқибатида туманнинг Мачай, Юқори Мачай ва Дарбанд қишлоқларида сел оқими кузатилган. Сел сувлари Мачай, Юқори Мачай қишлоқларининг ички йўлларига ҳамда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Дарбанд қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмига тошган.

Бундан ташқари, Сариосиё тумани тоғли ҳудудининг “Хонжиза” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Хурсандсой сойида сув ҳажми ортиб, сой четига ўрнатилган 2 дона 110 кВт кучланишли металл конструкцияли устун остини ювиб кетган. Оқибатда ушбу устунлар йиқилган. Айни вақтда ушбу электр устунларини демонтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда хавфсизлик нуқтайи назаридан вақтинчалик электр таъминотидан узилган.

Шу билан бирга, Сангардак сойи тепаликларидан оқиб тушган ёмғир сувлари тупроқ ва қум-шағалларни ички йўлларга оқизиб келган.

Гарчи ФВВ ахборот хизмати ўз маълумотида Сурхондарёда содир бўлган селларда аҳоли мулкига зарар етмагани ҳақида ёзган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Сангардак сойида енгил машина оқиб кетганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, сел аҳолининг чорва молларини ҳам оқизган.

Мавзуга оид