Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сел хавфи эълон қилинди
Ўзгидромет 2–5 июнь кунлари кутилaётган ёмғирлар муносабати билан республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мутасаддилар аҳоли, дам олувчилар ва ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кучайтиришга чақирмоқда.
Фото: Kun.uz
Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, ёғингарчиликлар таъсирида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг тоғолди ҳамда тоғли ҳудудларида сел оқимлари шаклланиши эҳтимоли мавжуд.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманлари хавфли ҳудудлар қаторига киритилган. Сурхондарё вилоятида эса Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музработ туманларида сел кузатилиши мумкин.
Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманлари, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманлари ҳам хавф остидаги ҳудудлар сифатида қайд этилган.
Шунингдек, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли сақланиб турибди.
Водий ҳудудларида ҳам хавф юқори баҳоланмоқда. Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонабод шаҳрида ҳам сел келиши мумкинлиги таъкидланган.
Ўзгидромет тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ва сайёҳларга эҳтиёткорлик чораларини кўришни, дарё ўзанлари, сойлар ва сел келиши мумкин бўлган ҳудудларда бўлмасликни тавсия қилди. Шунингдек, тоғ йўлларида ҳаракатланувчи ҳайдовчиларга ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиш тавсия этилмоқда.
Мутасаддиларнинг қайд этишича, кучли ёмғирлар натижасида республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиши мумкин. Бу эса пастлик жойлар, кўчалар ва айрим аҳоли пунктларини вақтинча сув босишига олиб келиши эҳтимолини оширади.