Ўзбекистон | 21:03 / 22.03.2026
7935
2 дақиқада ўқилади

Амир Темур хиёбони ҳудуди 23 мартдан 7 апрелга қадар вақтинча ёпилади

Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан 2026 йил 23 мартдан 7 апрел кунига қадар (шу куни ҳам) Амир Темур хиёбони ҳудуди бутун периметри бўйлаб вақтинча ёпилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, чекловлар фақат Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари чегараларида жойлашган хиёбон майдонининг ўзига тааллуқлидир.

Қайд этилишича, ишлар давомида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва қисман янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ва суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган.

Ҳокимликнинг таъкидлашича, олиб борилаётган ишлар доирасида мавжуд бўлган бирорта ҳам дарахтга зиён етказилмайди.

“Аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштиришни кучайтириш ишлари кўзда тутилган”, дейилади хабарда.

Туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати ва йўл бўйида тўхтаб туриш имконияти одатдаги тартибда сақланиб қолиши айтилмоқда.

Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид