Иқтисодиёт | 13:39 / 15.08.2025
7946
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Ўзбекистон пенсия стажини ўзаро тан оладиган бўлди

Икки давлатнинг тегишли идоралари Давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим лойиҳасини имзолади.

Фото: Qirg'iziston Respublikasi ijtimoiy jamg'armasi

Қирғизистон ва Ўзбекистон пенсия стажини ўзаро тан оладиган бўлди, бу пенсия олувчи шахс ушбу мамлакатларнинг қайси бирида яшагани, қаерда ишлаганидан қатъи назар, тўловларни ҳисоблашда қўлланади.

Тегишли ҳужжат лойиҳалари Тошкентда икки давлат идоралари вакилларининг учрашувида имзоланди, деб хабар берди Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, музокараларда Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ходимлари иштирок этган. Якунда томонлар Давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим лойиҳасини имзолади. Шу билан бирга, ҳужжат иккала мамлакат қонунчилигининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши аниқлаштирилмоқда.

Таъкидланишича, келишувларнинг асосий мақсади Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг суғурта ва давлат пенсияларини олишда тенг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, суғурта бадалларини икки марта тўлашни истисно қилишдир.

Тошкентда имзоланган ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:

- пенсия тайинлаш учун суғурта стажини жамлаш;

- пенсияларни етказиб бериш харажатларини ушлаб қолмасдан, яшаш мамлакатидан қатъи назар, фуқароларга тўлаш;

- иккитомонлама тўловларнинг олдини олиш учун хизмат сафарлари ва муддатларни узайтириш бўйича меъёрлар.

Қирғизистон расмийларининг фикрича, ушбу келишувни амалга ошириш республикалар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди ҳамда ижтимоий ва иқтисодий ҳамкорлик, жумладан, йирик инфратузилма лойиҳалари, масалан, Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўл магистралини қуриш доирасида қўшимча имкониятлар яратади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид