Ўзбекистон | 20:25 / 28.08.2015
5744
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда синглисининг фарзандини 8 минг долларга пулламоқчи бўлган опа-сингиллар қўлга олинди

Жиззахда синглисининг фарзандини 8 минг долларга пулламоқчи бўлган опа-сингиллар жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Азима Очилованинг 2 нафар фарзандли бўлиб, эридан ажрашиб кетган эди. Бунинг таъсирида унинг синглиси Василага ҳам совчи келмаётган эди. Орадан бир мунча вақт ўтиб, Азима синглисининг ҳомиладор бўлиб қолганини сезиб қолди. Лекин ҳомила 8 ойлик бўлгани боис уни олдириб ташлашнинг иложи йўқ эди.

Бир куни Азима Зумрад Миркомилова деган аёл билан танишиб қолиб, унинг фарзанд асраб олмоқчи эканлигини, лекин бу жараён мураккаблиги боис ҳалигача боқиб ололмаганини билди ва синглисининг қорнидаги болани унга сотишга қарор қилди.

Азима синглиси Замира билан келишиб, пул масаласини Василадан яширишди ва Миркомилова билан “савдолаша” бошлашди. Дастлаб фарзанд эвазига 9 минг доллар сўралган бўлса, сўнг нарх 8 минг долларга туширилди. Бундан шубҳаланган Миркомилова тегишли идораларга мурожаат қилди. Улар, ўз навбатида, фирибгарларни жиноят устида қўлга олиш режасини тузишди.

Василанинг кўзи ёригач, унинг опаси ва сингли Зумрад Миркомиловадан пул сўрай бошлашди. Фирибгарлар Миркомиловадан 8 минг доллар бераётган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Суд Азима ва Замира Очиловаларга 6 йилдан қамоқ жазоси тайинлади.