Ўзбекистон | 21:51 / 29.08.2015
21782
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ўзбек-тожик чегарасида қонунбузарликлар тўхтамаётганини маълум қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасининг матбуот хизмати ўзбек-тожик давлат чегараларида чорва молларини ноқонуний олиб ўтиш билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари тўхтамаётгани тўғрисида хабар қилган.

“Шундай қилиб, 2015 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси чегара қисми Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Каттақишлоқ аҳоли пункти ҳудудида ов милтиғи билан қуролланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларини бузиб ўтиб, 2 мингга яқин чорва молини чегарадан 2 км ичкаридаги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида боқаётган Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Матчин тумани Амондара аҳоли пунктининг тўрт фуқароси — X. Каххоров 1987 й.т., Г. Шодиев 1990 й.т., Р. Кучаков 1989 й.т. ва А. Раззоков 1981 й. т. қўлга олинди”, дея қайд этди МХХ ДЧҲҚҚ матбуот хизмати.

Матбуот хизмати маълумотига кўра, чорва моллари қўлга олинганидан сўнг Тожикистон Республикаси чегара вакиллари чегарада қонун бузилишларини бартараф этиш ва чегара тартибларини таъминалаш чораларини кўриш ўрнига, Ўзбекистон Республикаси чегара вакилларидан чорва молларини тожик томонига қайтариш ҳақидаги илтимос билан мурожаат этишган.

“Қайд этиб ўтиш зарурки, 2014 йилдан 2015 йилнинг июль ойига қадар Ўзбекистон Республикаси чегара қисмлари томонидан 16 ҳолатда қўлга олинган 3638 бош йирик ва майда чорвамол ҳамда отлар қўни-қўшничилик муносабатларини ҳисобга олиб, ортга қайтарилган. Баён этилганларни инобатга олиб, ўзбек томони тожикистонлик ҳамкасбларини чорва молларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний тарзда олиб ўтилиб, боқилишини бартараф этиш, шунингдек, Давлат чегараларида қонунбузарликларга йўл қўймаслик бўйича зарур чораларни кўришга чақиради”, – дея якунлайди МХХ ДЧҲҚҚ матбуот хизмати.