Тошкент йўллари бўйлаб газда ҳаракатланувчи илк MAN автобуслари қатнови йўлга қўйилди
Ўзбекистонда охирги ярим йил давомида газда ҳаракатланувчи MAN автобусини синовдан ўтказиш ишлари ўз якунига етказилиб, автобус Мустақиллик байрами арафасида 44-автобус йўналиши бўйлаб йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади.
uztransport.uz маълумотларига кўра, автобуснинг ташқи қиёфаси “қўполроқ” кўринишига қарамасдан, ўзидан эътиборни қочирмайди ва Тошкент шаҳри учун ўзига хос бўлиб қолган оч-яшил рангда анчагина сервиқор кўринади.
Автобусда биринчи бўлиб кўзга ташланадиган ва ижобий ҳислар уйғотадиган жиҳати салонининг ранглар гаммаси бўлиб, у асосан оч-кулранг ва оқ рангларда ишланган ва ўриндиқларнинг кўк қопламаси билан идеал равишда уйғунлашган.
Автобусда ўриндиқлар сони 28 тани ташкил қилади. Ўриндиқлар юмшоқ, қулай ва эргономик ишланган. Бироқ шу билан бир камчилиги кўзга ташланмоқда: уларнинг қопламаси осонгина шикастланиши мумкиндек кўринди.
Салоннинг орқа қисмида ўриндиқлар стандарт тарзда жойлашган, бироқ зиналарнинг жойлашгани туриб кетувчи йўловчиларга ноқулайлик туғдириши мумкин.Двигатель шундай жойлаштирилганки, деярли автобус остида қолади ва паст полли “Мерседес” автобусларига хос бўлган салоннинг бир қисмини эгаллаб туришдан холи.
Салоннинг олд қисмида ўриндиқлар бирмунча ностандарт жойлашган. Чап томонда жойлашган ўриндиқлар салон ичига қаратиб ўрнатилган ва йиғилувчи қилиб ишланган: бунинг эвазига йўловчилар кўп бўлган тақдирда қўшимча туриш жойи ҳосил қилиш мумкин.
Автобуснинг осма деталларига келадигак бўлсак, бизнинг, афсуски, идеалдан анча узоқ бўлган баъзи йўлларимизда автобусда юмшоқ кетишни кутиш ярамайди,бунда силкитишлар сезилиши турган гап. Автобуснинг яна битта яққол камчиликларидан бири ойна дарчаларининг кичик ўлчамда ишлангани бўлиб, улар салон ичини нормал шамоллатиш даражасини таъминлай олмайди. Бу айниқса иссиқ кунларда яққол сезилиши мумкин.
Умуман, хулоса қилиб айтганда, автобуснинг афзалликлари унинг камчиликларини қоплайди ва бу автобуслар бизнинг йўлларда муносиб ўрнини эгаллаб, “ўзидан кўпаяди”, деб умид билдириб қоламиз.