Жиззахда тўрт босқичли йирик саноат лойиҳаси амалга оширилмоқда
Жиззахда тўрт босқичли йирик саноат лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа 15 миллион 500 минг долларлик қийматга эга бўлиб, унинг охирги навбати 2017 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилади. Бу ҳақда “Телеграф.уз” нашри хабар берган.
«Орзу Текстил - СВ» масъулияти чекланган жамияти негизида амалга оширилаётган бу йирик лойиҳа келгусида жами 1450та иш ўрни яратилишини таъминлайди. Тўрт босқичли лойиҳанинг биринчи навбати жорий йилнинг 1 апрель куни иш бошлаганди. У «Трикотаж мато тўқиш», деб номланиб, йилига 6 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга.
2 миллион 500 минг долларлик банк маблағи, тадбиркорларнинг 1 миллион долларлик сармояси ҳисобидан ташкил этилган янги корхонада айни пайтда 100 нафар ишчи уч сменада меҳнат қилмоқда.
«Орзу Текстил-СВ» МЧЖ маҳсулотлари ҳозирча ўзбекистонлик тадбиркорларнинг буюртмасига кўра мамлакат ички бозорига чиқарилмоқда. Яқинда россиялик ишбилармонлар корхонада бўлиб, жиззахлик саноатчиларнинг имкониятлари билан танишишди. Айни пайтда Россияга маҳсулот экспортини амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.