«Музейлар ҳафталиги» доирасида Ўзбекистон музейлари меҳмонларга бепул хизмат кўрсатади
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат санъат музейида «Бетакроримсан, ягонасан она Ватаним – Ўзбекистоним!» шиори остида 2-8 сентябрь кунлари ўтказиладиган «Музейлар ҳафталиги»нинг тантанали очилиши маросими бўлди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайти хабар берган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлда «Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 189-cонли қарори билан Ўзбекистондаги идоравий бўйсунишидан қатъий назар барча давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш мақсадида давлат музейларига 18 ёшгача бўлган болаларга ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари, барча аҳолига ҳар йили 2—8 сентябрь кунлари ўтказиладиган «Музейлар ҳафталиги» доирасида бепул кириш тартиби жорий этилди.
«Музейлар ҳафталиги» давомида республикадаги 41 та музейда жами 190 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар, «Маҳорат дарслари», викториналар, учрашувлар ҳамда мусиқий дастурлар ўтказилиши режалаштирилган.
Сайёҳларнинг ташрифи ортганлиги муносабати билан ёзги-кузги мавсумда республикадаги барча музейларнинг иш вақти 18.00 дан 21.00 га қадар узайтирилган. Айнан «Музейлар ҳафталиги» тадбирлари доирасида ҳам музейлар кеч соат 21.00 га қадар аҳолига бепул хизмат кўрсатади.
Бундан олдинроқ, ҳафталик доирасида ташриф буюриш мумкин бўлган музейлар номи келтирилганди.