Жаҳон | 15:44 / 03.09.2015
2529
1 дақиқада ўқилади

Юрмала ҳокими Самарқанд делегациясини меҳмонга таклиф қилди

Юрмала шаҳри (Латвия) ҳокими Гатис Трукснис Самарқанд делегациясини меҳмонга таклиф қилди. “Туркистон-пресс” агентлигининг эслатиб ўтишича, 2014 йилда Юрмала ва Самарқанд биродар шаҳарлар деб эълон қилинган эди.

Трукснис Самарқандда бўлиб ўтаётган “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалининг меҳмонидир.
“Самарқандга сафарим доирасида шаҳар ҳокими Акбар Шукуров билан учрашиб, кейинги мақсадларни келишиб олдик, - деди Трукснис агентликка берган интервьюсида. – Шукуров яқин келажакда икки томонлама бизнес доираларининг учрашувини ўтказишни таклиф қилди.

Бу, менимча, жуда яхши ташаббусдир. Шунингдек, биз Самарқанд делегациясини Юрмалага таклиф қилдик. Бу айниқса кейинги йили уюштирилгани мақсадга мувофиқ, ахир ўшанда бизнинг машҳур “Дзинтари” концерт залимиз 80 ёшга тўлади. Юбилей билан боғлиқ тадбирларда бўлиш, уларни биз қандай ташкил қилишимизни кўриш қизиқ бўлади деб ўйлайман”.