Москва жамоат транспортида йўл ҳақини телефон орқали тўлаш имконияти туғилди
МТС, “Билайн” ва “Мегафон” Москва метрополитени, шаҳар транспорт департаменти ва “Бриз Технологии” МЧЖ билан ҳамкорликда Москва жамоат транспортида йўл ҳақини телефон орқали тўлаш хизматини жорий қилди. Бу ҳақда транспорт департаменти хабар қилди.
“Мобил чипта” сервиси мобил телефон орқали йўл ҳақини тўлаш имкониятини беради. Бунинг учун фойдаланувчи оператор офисига бориб, NFC технологиясига уланган SIM-карта олиши керак бўлади.
Сервисга уланиш учун 3210 рақамига хабар йўллаш керак. Шунда телефондан 150 рубль олиниб, йўл ҳақини тўлаш учун онлайн ҳамёнга ўтказилади.
“Мобил чипта” баланси 90 рублга тушганда у автоматик тарзда яна 150 рублга тўлдирилади. Ҳисобни фойдаланувчининг ўзи тўлдиришни хоҳласа, яна ўша рақамга хабар йўллаш керак бўлади.
Фойдаланувчининг смартфони NFC технологиясини қўллаб-қувватламаса, 10 рублга NFC антенналарини харид қилиш мумкин бўлади.
Москвада йўл ҳақи метро учун 50 рублни, ер усти транспортида 40 рублни ташкил қилади.