Бангкокдаги терактда гумон қилинаётган хорижлик портловчи моддалар сақлаганини тан олди
Тай полицияси томонидан 17 август куни пойтахт Бангкокнинг сайёҳлик марказида содир этилган портлашда алоқадорликда гумон қилинаётган хорижлик шахс сўроқ қилинди, дея хабар берди CNN.
Турк тилида гаплашувчи эркак гумондор таржимон орқали сўроқ қилинди. У тақиқланган портловчи моддаларни сақлаганини тан олди.
Гумондор шахс чегарани кесиб ўтишга уринган чоғда қўлга олинган бўлиб, унинг ёнидан портловчи бомбаларнинг кимёвий таркиблари ёзилган саҳифалар топилган эди.
Шунингдек, унинг бармоқ излари, тергов хулосаларига кўра, портловчи моддалар тайёрланган хонадаги ускуналарда ҳам аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, 17 август куни кечқурун Бангкок марказида содир бўлган портлаш оқибатида 20 киши ҳалок бўлиб, 120 киши жароҳатланган. Қўлбола радиобошқарувли портловчи модда хитойлик, сингапурлик ва тайванлик сайёҳлар гавжум бўлган тўрт бошли фил кўринишидаги Эраван илоҳи яқинида ҳаракатга келтирилган эди.